Ўзбекистон | 19:59 / 04.07.2018
51125
2 дақиқада ўқилади

Президент «ҳосилга-ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги»ни эълон қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, видеоселекторда мутасадди ва жойлардаги раҳбарлар жам бўлгани боис айни кунлардаги яна бир долзарб масала – ғўза парвариши билан боғлиқ чора-тадбирларга ҳам тўхталиб ўтилди. 

Бу йил об-ҳавонинг қуруқ ва салқин келиши сабабли ғўза ривожи 10-15 кунга, баъзи жойларда 20-25 кунга кечиккани қайд этилди. Ғўза парваришидаги қолоқликни бартараф этиш, кафолатланган ҳосил яратиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

«Бу йил давлат томонидан олдинги йилларда бўлмаган барча шароитлар яратиб берилди, энди фермерлар ҳам шунга яраша жавоб қилиши керак. Олдингидек режанинг ортидан қувиб, даромадни ўйламайдиган, ҳисоб-китобсиз иш қиладиган фермер бизга керак эмас. Пахта бизга режани бажариш учун эмас, иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадини ошириш, турмуш даражасини яхшилаш учун керак», деди Президент. 

Йиғилишда 5 июлдан 5 сентябрга қадар «ҳосилга-ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги» эълон қилинди. Бу борада амалга оширилиши зарур бўлган ишлар белгилаб олинди.

Мавзуга оид