Спорт | 16:50 / 05.07.2018
29212
2 дақиқада ўқилади

Манба: Роналду «Ювентус» таклифини қабул қилган

«Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду «Ювентус» таклифини қабул қилган. Бу ҳақда AS хабар тарқатди.

Манбанинг ёзишича, Мадрид клуби ушбу 33 ёшли футболчисини 100 миллион евродан ортиқроққа сотишни кўзламоқда.

Роналду 26 май куни Чемпионлар лигаси финалидан кейин шу ёзда «Реал»дан кетишига ишора қилганди. Унинг бу нияти жамоа президенти Флорентино Перес билан муносабатлари ёмонлашгани билан изоҳланмоқда.

Қайд этилишича, ҳозирча клублар ўртасида келишув тузилмаган, туринликлар футболчи учун 100 миллион евродан ортиқ маблағ тўламоқчи эмас. Шу билан бирга, унинг ўзи билан йилига 30 миллион евро тўлаш назарда тутилган 4 йиллик шартнома тузилиши мумкин.

Бундан олдинроқ Marca нашри португалиялик юлдуз шу йил бошидаёқ «Реал»дан кетиш ҳақида бир қарорга келиб бўлгани ҳақида хабар тарқатди.

Январь ойида «қаймоқранглилар» раҳбарияти Роналдуга 100 миллион евро нарх белгилагани унинг шундай қарор қабул қилишига сабаб бўлгани айтилмоқда. Ўша вақтда клубдагилар Роналдунинг Хитой ёки АҚШ жамоаларидан бирига ўтишига ишонишган. 5 карра «Олтин тўп» соҳиби ўзига қўйилган нархдан хабар топгач, «100 миллион еврога баҳолашган бўлса, у ҳолда мен улар учун севимли эмас эканман», - дея кетиш ниятини кўнглига тугиб қўйган.

Мавзуга оид