Ўзбекистон | 22:14 / 08.07.2018
64807
6 дақиқада ўқилади

Каттақўрғондаги воқеа ички ишлар тизимида катта ислоҳотларни бошлаб берадими?

Ижтимоий тармоқларда шу йилнинг 3 июнь куни Самарқанд вилоят Каттақўрғон шаҳар ИИБ биносида жиноят-қидирув бўлими тезкор ходими Санъат Умаров томонидан дўқ ва ҳақоратлар остида қип-яланғоч ечинтирилган Н.Т. воқеаси жуда катта резонанс келтириб чиқарди.

Бунинг ортидан Бош прокуратура баёнот берди. Бош вазир ўринбосари, республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева каттақўрғонлик аёлнинг таҳқирланишини қаттиқ қоралаб чиқди, судда аёл шаъни ҳимоя қилинишига ваъда берди

Бугун, 8 июль куни Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева Каттақўрғон туманидаги Н.Т. истиқомат қилувчи хонадонга келиб, шахсан ўзи унинг ҳолидан хабар олди. Аёлга юпанч сўзларини билдириб кўнглини кўтарар экан, Танзила Норбоева бўлиб ўтган воқеа юзасидан ўз фикрларини баён этди:

— Президентимиз томонидан ҳуқуқ-тартибот органлари олдига фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шаффофликни таъминлаш борасида жуда катта вазифаларни қўйган. Ислоҳотлар бошланганига ҳали кўп вақт бўлмади. Ички ишлар органлари тизимида ҳам битта-яримта ўз касбига нолойиқ, нопок ходимлар бор. Ундайлардан батамом тозаланиш учун ҳам маълум бир вақт керак бўлади. Айни пайтда ички ишлар органларида ҳам ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мазкур қайғули воқеа юзасидан баёнот қилганимда, унинг умумий мазмуни контекстидан кесиб олиб, сўзларимни бошқача талқин қилганлар, мени танқид қилганлар ҳам учради.

Бу каби камчиликлар ҳамма тизимда бор, уларни бартараф қилиш устида иш олиб борилмоқда.

Санъат Умаров ҳақида гапирадиган бўлсам, мана шундай одамлар билан ишлайдиган касб соҳаларида ички ишлар, маҳалла органлари ходимлари пухта психологик тайёргарликдан ўтиши кераклиги ойдинлашаяпти.

Иккинчи масала — аёлларимизнинг ички ишлар органларига иши тушиши. Албатта, гумонланувчи ёки жиноятчи сифатида эмас, бирор ўзининг шахсий масаласида ё бирор нарсага аниқлик киритиш учун дейлик. Аёл кишига онаси, рафиқаси, опаси ё синглисидек муносабат қилиши керак эмасми? Инсоннинг, айниқса аёлнинг қадр-қимматини поймол қилишга ҳеч кимга рухсат берилмаган. Президентимиз ўзининг чиқишларида ҳам инсон қадр-қиммати энг олий қадрият бўлиши кераклигини бот-бот такрорлаб келмоқда.

Мен бу воқеа ошкор бўлганида Хоразм вилоятида хизмат сафарида эдим. Менга ходимларим кечаси бу ҳақда маълумот юборишди. Жуда катта резонанас келиб чиқди, тўхтовсиз телефон қўнғироқлари бўлди. Аёлларимиз исёнга келди. Мен кечаси билан мижжа қоқмасдан чиқдим. Албатта, бундай хатти-ҳаракатларни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди, қўмита раиси сифатида қонунчилигимизда белгиланган қатъий чоралар кўрилишини талаб қиламан.

Ҳозир замон ўзгарди. Н.хон ҳеч кимдан қўрқмаслиги керак. Сизнинг хавфсизлигингиз, осойишталигингиз, ҳуқуқларингизга дахл қилган ҳар қандай кишиларнинг жазоланишига давлатимиз кафолат беради. Биз судда сизнинг шаънингизни охиригача туриб ҳимоя қиламиз. Жамоатчи қораловчи сифатида судда иштирок этамиз. Айни пайтда тергов кетмоқда, биз аралашишга ҳаққимиз йўқ, лекин биз барчасини кузатиб турибмиз. Ҳаммаси адолатли бўлишига ишончим комил. Албатта, бундай инсонларга ички ишлар органларида ўрин йўқ деб ҳисоблаймиз.

Умуман, мен ички ишлар вазирлиги олдига аёлларимизнинг ҳуқуқлари таъминлаши юзасидан бир қатор талаблар қўяман. Нафақат ички ишлар органлари, аёлларимизнинг иши тушадиган идораларда аёлларимизга бўлган муносабатларни бир таҳлил қилиш фурсати етиб келган. Биринчи навбатда ички ишлар органларида. Бу ерда нафақат сўроқ қилиш, гумондор сифатида ушлаш масалаларида. Жазони ижро этиш муассасаларида аёлларимиз бор. Бу ерда қандай ишлар бўлаяпти. Муносабат адолатдан бўлаяптими, уларнинг ҳуқуқлари камситилмаяптими? Бизнинг аёлларга нисбатан ўзбекона муомала меъёрларимизга амал қилинаяптими? Буларнинг ҳаммасини таҳлил қилишга қарор қилганмиз.

Юқоридаги фикримни давом эттирган ҳолда, мана шу тизимнинг раҳбари сифатида аёлларни ҳар жабҳада ҳимоя қилишим учун ички ишлар вазирлиги раҳбарияти олдига айрим вазифа ва талабларни қўяман. Масалан, аёлларимизни тергов қилиниш жараёнида хотин-қизлар қўмитаси аъзоларининг иштирокини сўрамоқчимиз. Иккинчидан, суд жараёнларида юз фоиз бизнинг вакилларимиз қатнашишига эришмоқчимиз. Яна бир масала — ҳуқуқ тартибот органларида аёл кадрларнинг кўпайтирилишини ҳам сўраймиз. Чунки, истаймизми-йўқми, турли вазиятлар тақозоси билан жиноятга қўл ураётган аёлларимиз бор. Президентимиз белгилаб берган сиёсат натижасида аёллар жиноятчилигини кескин камайтириш устида иш олиб бориляпти. Айтиш мумкинки, ижобий натижалар қайд этилмоқда. Лекин барибир шунга эҳтиёж бор эканми, аёл терговчи, аёл мутахассис хотин-қизларимиз билан ишлаши керак.

Яна бир режадаги масаламиз — уни ҳали қоғозга ҳам туширганим йўқ, чунки тергов тугаганидан сўнг ички ишлар вазири билан алоҳида бориб учрашмоқчиман — ички ишлар органлари ходимлари тайёрлайдиган ўқув муассасаларида албатта инсон ҳуқуқлари, этика, мулоқот ва маданият масалаларида кўпроқ дарс соатларини киритиб, уларга диплом берилаётганда инсон ҳуқуқ ва қадриятларини топтамаслик ҳақида қандайдир тилхат ёздириб олиш.

Аёллар тергов хонасида албатта камера бўлиши, барча жараёнлар съёмка қилиниши лозимлиги ҳақидаги талабимиз ҳам бор.

Ҳозир мутахассислар, олимлар, ҳуқуқшунослар ва сенаторлардан иборат ишчи гуруҳ иш олиб бормоқда. Улар ички ишлар вазирлиги тизимида нималарни ўзгартириш кераклиги борасида иш олиб боришмоқда.

Ички ишлар вазири жуда талабчан ва қатъиятли раҳбар. У ҳам бўлиб ўтган воқеани кескин қоралашини ҳам биламан. Бобожонов тизимда катта тозалаш ишларини олиб бормоқда. Каттақўрғонда бўлиб ўтган ҳолат ички ишлар тизимида мана шу жабҳада жуда катта ислоҳотларга сабаб бўлади, деб ўйлайман.

Шуҳрат Шокиржонов ёзиб олди.

Мавзуга оид