Жаҳон | 12:26 / 12.07.2018
29214
2 дақиқада ўқилади

Майкл Жексоннинг отаси ўғлининг овозини кимёвий бичганликда айбланди

Фото: REUTERS / Regis Duvignau

Марҳум Майкл Жексоннинг шифокори Конрад Мюррей қўшиқчининг отаси Жозеф Жексон ўғлида баланд овозни сақлаб қолиш учун уни атайлаб кимёвий бичганини маълум қилди. Бу ҳақда The Sun нашри хабар бермоқда. 

Мюррейнинг айтишича, Жозеф Жексон ўғлига 12 ёшида ҳуснбузарларни даволаш баҳонаси остида гормонлар инъекциясини қила бошлаган. У шу йўл билан Майклнинг баланд овозини сақлаб қолмоқчи бўлган.

Шифокорнинг айтишича, Жозеф Жексон ўз фарзандларига нисбатан жуда бағритош бўлган. “У тарихдаги энг ёмон оталардан бири бўлган”, деб айтмоқда Мюррей.

Мюррей Майкл Жексоннинг кимёвий бичилгани ҳақида биринчи марта маълум қилаётгани йўқ, у аввал бу ҳақда ўз автобиографиясида эслаб ўтган. Мюррей Жозеф Жексоннинг ўлимидан кейин бу ҳақда илк бор очиқча сўзлашга қарор қилди.

Жозеф Жексон 25 июнда 89 ёшида вафот этди. Унинг 10 фарзанди бўлган ва уларнинг барчаси профессионал мусиқачилар бўлиб етишишган. 

1960-йиллар бошида Жо Жексон ўғилларидан ташкил топган Jackson 5 мусиқий гуруҳининг менежери сифатида фаолият юрита бошлаган. Майкл Жексон ўз хотираларида отаси уларни доимо койиши, репетициялар вақтида ва чиқишлар олдидан калтаклаши ҳақида эслаб ўтган. Бироқ шу билан бирга отасининг қаттиққўллиги унинг мусиқий фаолиятида ўзига хос роль ўйнаганини тан олган.  

Мавзуга оид