Ўзбекистон | 13:00 / 17.07.2018
27704
2 дақиқада ўқилади

Элчихона Москва қамоқхонасида очлик эълон қилган Ўзбекистон фуқароси ишини назоратига олди

Фото: mk.ru

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Россия қамоқхонасида ноҳақлик туфайли очлик эълон қилган Ўзбекистон фуқароси, 22 ёшли Маъруфжон Шакаровга ёрдам кўрсатиш бўйича Бош прокуратура билан ҳамкорликда тегишли процессуал ҳаракатларни амалга оширмоқда. Шакаров катта миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлашда айбланмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Маъруфжонга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида тегишли ташкилотларга, хусусан Москва шаҳридаги суд органларига расмий мурожаат билан чиққан.

Натижада 2018 йил 14 июндаги Москва шаҳар судининг апелляция инстанцияси ажримига кўра, Шакаровнинг қилмишида «кейинчалик ўтказиш (масалан, сотиш) мақсади бўлмаганлиги» учун жиноят иши қайта малакаланган ҳамда 2017 йил 13 декабрь куни унга берилган 10 йиллик қамоқ жазоси 5 йилга камайтирилган.

14 июль куни Ўзбекистон элчихонаси вакили Маъруфжон сақланаётган 1-рақамли жазони ижро этиш муассасаси раҳбарияти билан телефон орқали суҳбатлашганда, у апелляция ажримидан норози бўлгани сабабли очлик эълон қилгани, тартибга кўра, уни бир кишилик камерага олиб ўтишгани, у доимий видеокузатув ҳамда тиббий ходимлар назоратида бўлиб тургани, унинг бугунги кундаги соғлиғида жиддий муаммолар йўқлигини маълум қилишган.

Яқин кунларда Маъруфжоннинг онаси ва холасини Маъруфжон билан учраштириш ишлари ташкил қилиниши кутилмоқда.

Мазкур масала Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотларининг доимий назоратида эканлиги маълум қилинган.

Мавзуга оид