Жаҳон | 19:07 / 23.07.2018
98926
11 дақиқада ўқилади

Ўхшаш тақдирлар ёхуд Жанубий Корея президентларига қарғиш текканми?

Куни кеча Жанубий Корея суди мамлакатнинг собиқ президенти Пак Кин Хега бюджетни ўзлаштиргани ва парламент фаолиятига аралашгани учун қўшимча 8 йиллик қамоқ жазоси тайинлади. Ўтган йили Сеул марказий суди унга 24 йиллик қамоқ жазосини тайинлаганди.

Жанубий Корея тарихига назар солинса, бир ҳолатга дуч келиш мумкин: мамлакатнинг ҳеч бир президенти фаолиятини «тинчгина» якунламаган. Ёки президент ёки унинг қариндошлари панжара ортига тушган, ёхуд президент муддатидан олдин лавозимидан кетган ёки энг ачинарлиси, президентлик фожиавий ўлим билан якун топган.

Келинг, Корея президентлари ҳаёти билан яқинроқдан танишайлик.

Биринчи президент ва илк истеъфо

Ли Син Ман
Фото: Keystone Pictures 

Корея ярим ороли японлар истилосидан озод қилингач, мамлакат иккига – Жанубий ва Шимолий Кореяга бўлинди, Ли Син Ман Жанубий Кореянинг биринчи президенти бўлди. У 1948 йилда лавозимга расман киришди. Ли Син Ман мамлакат тепасига демократия шиори остида келган бўлса-да, зарурият туғилганида мухолифат кучларини кескинлик билан босиб турди. У шу тарзда сурункасига уч марта ҳокимият тепасида бўлди. 1960 йилда у тўртинчи марта президентликка ўз номзодини илгари сурди. Аммо сайловлардан сўнг натижалар сохталаштирилгани ортидан оммавий норозиликлар бошланиб кетди.

Намойишлар вақтида Масан шаҳрида бир талабанинг ҳалок бўлиши оқибатида бутун мамлакатда Ли Син Маннинг истеъфоси талаб қилинган намойишлар бошланди. Полиция намойишчиларга қарата ўқ узди, 100дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Аммо кейин полиция ва армия халққа қарата ўқ узишдан бош тортди. Охир-оқибат Ли Син Ман президентлик лавозимидан воз кечди ва ҳарбий самолётда АҚШга учиб кетиб, 1965 йилда ўша ерда вафот этди.

«Ҳарбий инқилоб» қурбони

Юн Бо Сон
Фото: pa.go.kr

1960 йил августда Юн Бо Сон Жанубий Кореянинг иккинчи президенти этиб сайланди. 1961 йил 16 майда генерал Пак Чжон Хи (Пак Кин Хенинг отаси) «ҳарбий инқилоб» аниқроғи ҳарбий тўнтариш орқали ҳокимиятни ўз қўлига олди. Юн 1962 йил мартгача расман президент бўлиб қолди, аммо барибир лавозимини тарк этди. Пак президентликка номзодини қўйди ва 1963 йилги сайловларда ғалаба қозонди.

Дўсти томонидан отиб ўлдирилган президент

Пак Чжон Хи
Фото: North Korean Insight

Пак аввалига бир киши президентлик лавозимини қаторасига икки муддатдан ортиқ эгалламаслиги борасидаги чекловга амал қилишга ваъда берди, бироқ кейин бу фикридан қайтди. Унинг қонунларни ўз манфаатига мос тарзда ўзгартиришлари норозиликлар уйғонишига сабаб бўлди. 1979 йил 26 октябрда Пак яқин дўстларидан бири – Корея МРБсининг директори Ким Чжэ Гю томонидан отиб ўлдирилди.

 

Саккиз ойлик президент

Чхве Гю Ха
Фото: Wikipedia

Пак Чжон Хининг ўлимидан сўнг, бош вазир Чхве Гю Ха президент вазифасини бажарувчи бўлди. Чхве мамлакатда демократик ислоҳотлар ўтказишга ваъда берди ва 1979 йил декабрда расман президент этиб сайланди. Аммо у ҳам ҳукумат тепасида узоқ тура олмади. Бир неча кундан сўнг, 1979 йил 12 декабрда генерал-майор Чон Ду Хван ҳарбий тўнтариш ташкил этди ва ҳукуматни амалда ўз қўлига олди. Чхве Гю Ха бироз вақт расман президент лавозимида қолди, аммо августда истеъфога чиқарилди ва парламент (ўшанда президентни парламент сайларди) 1980 йил августда Чон Ду Хванни президент этиб сайлади.

 

Саволлар остида қолган Чон Ду Хван

Чон Ду Хван
Фото: Reuters

Чон Ду Хванга унинг президентлиги қонунийлиги борасида саволлар кўп эди. 1980 йил майда Кванчжу шаҳрида демократик исёнчилар ҳаракати куч билан бостирилди. Корея шаҳарларида талабалар иштирокидаги намойишлар деярли ҳар куни ўта бошлади. Талабаларга касаба уюшмалари қўшилди. Чон Ду Хван мамлакатда йирик қўзғолон бошланиши мумкинлигини тушунди ва кенг миқёсдаги демократик ислоҳотлар ўтказишга ваъда берди. 1988 йил февралда бўлиб ўтган сайловларда у Ро Дэ Уга мағлуб бўлди.

Генерал президент, лекин қонуний

Ро Дэ У
Фото: Wikipedia

Ро ҳам ўтмишда генерал бўлган бўлса-да, унинг қонуний президент эканлиги борасида саволлар йўқ эди. Демократик мухолифатнинг бир-бири билан келиша олмаслиги унинг ғалабасини таъминлади. Ро Дэ У президентлик муддати якунлангач, 1993 йил февралда президентлик ваколатини демократлар вакили Ким Ён Самга топширди. Ким мамлакатнинг 30 йил ичидаги ҳарбий тўнтаришсиз келган биринчи президенти бўлди.

Коррупцияга қарши курашган президентнинг ўғли коррупциячи бўлиб чиқди

Ким Ён Сам
Фото: AFP

Ким Ён Сам коррупцияга қарши кураш бошлади. Шу заҳоти Чон Ду Хван ва Ро Дэ У ҳақида эслаб қолишди. Парламент босими остида тергов ишлари бошланди ва Чон Ду Хван ҳамда Ро Дэ Унинг коррупцион фаолияти ошкор бўлди. Иш судгача етиб борди ва Чон «бир умр»га, Ро эса 20 йилдан ортиқроқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бироз вақтдан сўнг жазо енгиллаштирилди, бир неча йилдан кейин улар қамоқдан озод этилишди, аммо улар ҳалигача улкан жаримани тўлаб келишмоқда.

Демократик йўл билан сайланган ва коррупцияга қарши аёвсиз курашаётган Ким Ён Сам лавозимини «муаммосиз» тарк этадигандек туюлганди. Аммо пўлат қуювчи йирик «Ханбо» концернининг инқирози ва унинг ортидан ўтказилган текширувларда президентнинг кичик ўғли Ким Хен Чхол томонидан коррупцияга йўл қўйилгани, шунингдек, Ким Ён Самнинг сайловолди кампаниясини молиялаштиришда қонун бузилишлари содир этилгани аниқланди. Охир-оқибат президентнинг ўғли уч йилга озодликдан маҳрум этилди, президент эса ўғли ва ўзи учун узр сўрашга мажбур бўлди.

Ўғиллари сабабли номига қора доғ тушган президент

Ким Дэ Чжун
Фото: David Ausserhofer

1998 йил февралда инсон ҳуқуқлари курашчиси Ким Дэ Чжун Кореянинг янги президенти бўлди. У 2000 йилда КХДР раҳбари Ким Чен Ир билан Кореялараро саммитни ташкил қилгани учун Нобел мукофотига сазовор бўлганди. Президентлик даврида Ким Дэ Чжуннинг ҳам ўғиллари билан муаммо юз берди. Унинг икки ўғли Ким Хон Оп ва Ким Хон Голь ноқонуний лоббизм, коррупция, хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш ва ваколатларидан четга чиқишда айбланиб тури муддатларга қамалишди. Кейинчалик 2000 йилдаги Кореялараро саммит ўтказилиши учун Ким Дэ Чжун КХДРга ярим миллиард доллар тўлашга рози бўлганлиги ошкор бўлди. Натижада Кимнинг таржимаи ҳолида ўғиллари ва Шимолий Корея билан музокаралари сабабли қора доғ пайдо бўлди.

 

Жавобгарликдан қочиш учун ўзини жарликка ташлади

Но Му Хе
Фото: Reuters

2003 йилда Ким Дэ Чжун ўрнига ишчилар ҳуқуқини ҳимоя қилган юрист Но Му Хен келди. У ҳам коррупцияга қарши курашди ва 2007 йилда Кореялараро саммитни ўтказди. 2004 йилда парламент мамлакат тарихида илк бор Но Му Хенга нисбатан импичмент эълон қилди. Аммо айбловлар ўйлаб топилгани бошиданоқ маълум эди, халқ эса президент томонида бўлди. Натижада Конституциявий суд импичментни бекор қилди. Агар Ким Ён Сам ва Ким Дэ Чжунга ўғиллари панд берган бўлса, Но Му Хен акаси Но Гон Пхен ва дўстларининг «қурбони»га айланди. Унинг акаси ва дўстлари коррупцияда айбланиб қамоққа тушишди. Президентлик муддати тугаши билан Но Му Хенга нисбатан суриштирув ишлари бошланди, у олти миллион доллар пора олишда айбланди. 2009 йил майда у уйи олдидаги жарликдан ўзини пастга ташлаб ҳалок бўлди. Ўлими олдидан ёзган хатида у у ҳеч кимни айбламасликни «жуда кўп инсонлар ҳаётини қийинлаштирганини» ёзиб қолдирди.

 

«Сен ўтирмасанг, қариндошларинг ўтиришади»

Ли Мен Бак
Фото: Epoch Times

2008 йилда президентликни қўлга киритган йирик тадбиркор, кейинчалик Сеул мэри бўлган Ли Мен Бак президентликка қадар ҳам турли терговлар нишонига айланиб улгурганди. Лининг сиёсати биринчи йилиёқ оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Ли ер сотиш билан боғлиқ фирибгарликларда гумон қилинди, аммо иш судгача етиб бормади. Бу сафар ҳам «сен ўтирмасанг, қариндошларинг ўтиришади» тамойили ишга тушди. Ли Мен Бакнинг акаси Ли Сан Дик коррупция, порахўрлик ва лавозимини суиистеъмол қилиш айбловлари билан қамалди. Президентнинг турмуш ўртоғининг жияни ҳам қора курсига ўтирди.

 

Ишончни оқлай олмаган президент хоним

Пак Кин Хе
Фото: Reuters

Энди эса мақоламиз бошига қайтамиз. 2013 йилда Кореянинг биринчи аёл президенти Пак Кин Хе катта шов-шувлар билан ҳукумат тепасига келди. У Корея президенти бўлган Пак Чжон Хининг қизи эди. Халқ унга катта умид билан кўз тикканди. Аммо бу ишонч оқланмади. 2016 йил 9 декабрда парламент унга ишончсизлик вотумини билдирди, 2017 йил 10 мартда эса Конституциявий суд унинг ҳокимиятдан четлатилишини тасдиқлади. Пак Кин Хе ўтган йилнинг март ойи охирида қўлга олинди. Унга 18 банд бўйича айбловлар қўйилди, жумладан коррупция, порахўрлик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, шунингдек, давлат маълумотини ошкор этиш.

Шу йилнинг апрелида Сеул марказий суди Пак Кин Хени 24 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарди. Куни кеча эса юқорида айтиб ўтилганидек, унга бюджетни ўзлаштиргани ва парламент фаолиятига аралашгани учун қўшимча 8 йиллик қамоқ жазоси тайинланди.

Буларнинг барчаси гўёки Корея президенти лавозими қарғиш остида қолгандек таассурот уйғотади. Ҳар сафар янги раҳбар ҳукумат тепасига келганида барча «бу нохуш анъана якунланишига» умид қилади, аммо ҳозирча шум тақдир Жанубий Корея президентлари ва уларнинг яқинларини таъқиб қилишда давом этмоқда.

Мавзуга оид