Спорт | 21:16 / 23.07.2018
42448
2 дақиқада ўқилади

Уткин: «Эрматов менга совға бериб юборибди»

Фото: kremlinrus

Россиялик машҳур шарҳловчи Василий Уткин sports.ru`га катта интервью берди ва табиийки, ушбу суҳбат чоғида ҳамюртимиз Равшан Эрматов билан боғлиқ воқеага ҳам тўхтаб ўтилди.

«Мен қайсидир маънода аҳмоқона иш қилдим, қўшиламан, аммо мен бундай реакция бўлишини ҳам кутмагандим. Бир марта инстаграмда, «Терек» – «Спартак» ўйинига бағишлаб, бир пода қўйлар ва итнинг расмини хазил тариқасида қўйганимда мени тушунишмаганди. ўша постни ўчириб, кейин узр сўрагандим. Бу ҳам ўша воқеага ўхшайди» – деди Уткин. 

«Мендан, Эрматов билан столда юзма-юз ўтирганда ҳам шундай дея оласизми, деб кўп сўрашди. Нега? Ҳакамларни ҳақорат қиладиганлар ҳам юзларига шу гапни айта олишадими? Ёки ҳакам столда ўтириб, ўйинни бошқарадими? Йўқ. Мен ким ҳақида ёзсам, унинг орқасидан юзига айтиш учун югуриб юрмайман-ку? Мисол учун Раул ҳақида мақола ёзсам, унинг ҳам олдига боришим керакми? Мен журналистман», - деб айтган шарҳловчи.

Шунингдек, Уткин ўз иши учун узр сўраганини ва ҳатто Эрматов унга совға жўнатиб юборганини гапириб берди. 

«Мен узр сўрадим. Яқинда Денис Казанский билан гаплашдим. У жаҳон чемпионати ўйинларини ўзбекистонликлар учун шарҳлади. Унинг айтишича, Равшан Эрматов менга совға бериб юборибди.

Эрматов ҳақидаги твитларим шунчаки ҳиссиётларимни намойиш қилиш шакли эди. Мен атайин шундай қиламан», - деди Уткин.

Эслатиб ўтамиз, Уткин жаҳон чемпионатида ишлаган Равшан Эрматов ҳақида ҳақоратомуз твит ёзиб, кейин узр сўраган эди.

Футболга оид шу ва бошқа энг сўнгги янгиликларни ҳамкоримиз Tribuna.uz сайтида кузатиб боринг.

Мавзуга оид