Light | 15:29 / 24.07.2018
57723
3 дақиқада ўқилади

Қуёш чиққунча уйқудан уйғониш учун 6 сабаб

Фото: shutterstock

Эрталаб туришнинг хосияти ҳақида кўп ва хўп гапирилган. Олимлар ҳам бу борада ўз фикрларини билдиришди ва саҳар туриш учун 6 сабабни маълум қилишди.

1. Эрталаб мураккаб қарорларни қабул қилиш осон бўлади
Психологларнинг таъкидлашларича, ирода кучи ҳам мускул кучлари каби тугайдиган миқдорда бўлади. У кун давомида озайиб боради ва кун охирига келиб эрталабки қатъиятдан асар қолмайди. Шунинг учун бирор оғир, ёқимсиз ва чарчатувчи ишни бажариш лозим бўлса, бунга эрталабда киришинг, чунки кечга бориб бу ишни бажармаслик учун минглаб баҳоналар топасиз.

2. Эрта турсангиз вақтингиз бемалол бўлади
Агар кунингизни шаҳар ҳали уйғонмасдан бошласангиз, ўзингизни уйқудаги қиролликка тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Ҳеч қандай тирбандлик бўлмаган бўм-бўш кўчалар ва хиёбонлар, ҳеч ким қўнғироқ қилиб сизни безовта қилмайди.
Бутун олам уйқуда ва бу сизга ўзингиз истаган иш билан шуғулланиш учун қимматли соатларни тақдим этади.  

3. Эрталаб камроқ чалғийсиз 
Эрталаб туриб Facebook саҳифангизни текширасиз ва бор-йўғи учта янгиликни кўрасиз. Электрон почтангизга бирорта ҳам хат келмаган. Янгиликлар сайтларида ҳам ҳали ҳеч нарса чиқиб улгурмаган. Саҳар турсангиз мана шундай чалғитувчи нарсалардан холи бўласиз.   

4. Эрталабки кўтаринкилик бутун кунга татийди
Агарда бажаришингиз лозим бўлган ишларнинг ҳеч бўлмаса биттасини эрта тонгда уддалай олсангиз, қолганларини ҳам бажаришга улгурасиз ва кечга бориб сизда бўш вақт пайдо бўлади. Аммо ишга киришишни тушга яқин бошласангиз, у ҳолда бутун кунингиз тартибсиз ва оғир ўтади. Мўлжаллаган ишларингизни бажаришга вақт етмай қолиши ҳам ҳеч гапмас.

5. Эрталаб зўриқиш кам бўлади
Аниқроғи, зўриқиш умуман бўлмайди. Бу вақтдаги руҳий ҳолатингизни қуёшнинг илк нурлари акс этаётган сув юзасига ўхшатиш мумкин. Бундай кайфият билан истаган ишингизга киришишингиз мумкин.  

6. Кундузи дам олишга имконият пайдо бўлади
Агар эрта турсангиз ва ишларни куннинг биринчи ярмида бажариб олсангиз, кундуз куни бир соат маза қилиб дам олишингиз учун имконият пайдо бўлади. Барча асосий ишларни бажариб бўлган инсон тушликдан сўнг озгина пинакка кетса бунинг ёмон жойи йўқ.

Мавзуга оид