Жамият | 17:09 / 31.07.2018
27664
3 дақиқада ўқилади

Навоийдаги балконсиз уй машмашаси: эски ҳоким рухсат берган, янгилари эса эътиборсиз

Навоий шаҳридаги Ғалаба кўчаси, 198-кўп қаватли уйнинг биринчи қаватидаги 10 та бир хонали хонадонда истиқомат қилаётган оилалардан KUN.UZ таҳририятига мурожаат келиб тушди. Улар биринчи қаватдаги уйларига қўшимча қурилма сифатида балкон қуришга мутасаддилар рухсат беришмаётганини, умуман уларнинг бу борадаги вилоят ва шаҳардаги мутасаддиларга мурожаатлари эътиборсиз қолаётганинини билдиришган.

Таҳририятимиз вакиллари Навоий шаҳрида бўлиб, вазият билан яқиндан танишиб қайтишди.

5 қаватли уй 2009-10 йилларда қуриб фойдаланишга топширилган — деярли янги. Мазкур уйнинг биринчи қаватида 10 та бир хонали хонадонлар жойлашган. Биринчи қаватда жойлашган ва яшаш учун мослаштирилган бир хонали уйларнинг балкони йўқ.

Аҳоли вакилларининг биринчи қаватда жойлашган уйларга қўшимча равишда балкон қуриш учун қилган «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» томонидан кўриб чиқилган ва тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари шаҳардаги мутасаддилар томонидан тасдиқланмаяпти.

Балконсиз уйда истиқомат қилиш маълум бир қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Хонадонларда одамлар сиқилиб яшашга мажбур бўлишмоқда.

Мазкур ҳолатда эътиборга молик жиҳат шуки, уйнинг биринчи қаватига 3 метр энликда балкон барпо этиш учун рухсат берилмаётган бир пайтда, уйнинг Ғалаба кўчасига қараган орқа томонидан хусусий дўконлар учун, ертўласи билан 15 метр кенгликда қурилиш ишларига бемалол рухсат берилмоқда.

Мазкур уйда истиқомат қилувчилар вилоятнинг собиқ ҳокими Эркинжон Турдимов шахсан ўзи келиб, вазият билан танишгани, балкон қуриш кераклигини таъкидлагани, шундан сўнг аҳоли йиғилиб лойиҳа таклифини тайёрлаганини айтиб ўтишди.

Айни пайтда аҳоли вакиллари Навоий вилоят ҳокими Қ.Турсуновнинг қабулига мазкур масала бўйича киришга муваффақ бўлишмаган. Уйни келиб ўрганган Навоий шаҳар ҳокими эса «шикоят ёзаверсаларинг кислородларингни ёпаман», дея пўписа қилиб, кўча томондан 15 метр узунликда қурилаётган дўконлар билан шуғулланиб кетган.

Қўшимча балкон қурилиши билан, албатта, мазкур уйнинг чиройига чирой қўшилади. Яшаётган оилаларнинг шароитлари яхшиланади. Боз устига, хонадон соҳиблари балкон олди ҳудудини ободонлаштиришни ўз зиммаларига олишларини таъкидлашмоқда.

Биз Навоий шаҳар ҳокими ва шаҳар мутасаддиларидан аҳолининг талаб ва истакларини пухта ўрганиб чиқиши, агар лойиҳа ҳужжатлари барча талабларга жавоб берса, бу ерда истиқомат қилувчи 10 та хонадоннинг яшаш шароитларини яхшилаш учун бош-қош бўлишларини сўраб қолар эдик.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Маъруфжон АСҚАРОВ,

Kun.uz мухбирлари

Мавзуга оид