Ўзбекистон | 19:20 / 31.07.2018
38813
4 дақиқада ўқилади

Президент қишлоқ хўжалигидаги вазифаларни бажаришда камчиликларга йўл қўйган раҳбарларга чора кўришга кўрсатма берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 31 июль куни ғўза ривожини жадаллаштириш, ғалла ўримидан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Жорий йил 4 июль куни бўлиб ўтган видеоселекторда 5 июлдан 5 сентябрга қадар «ҳосилга-ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги» эълон қилинган эди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда шу борада амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. 

Ўтган вақтда ғўза ривожининг кечикиши бартараф этилмагани, ҳали ҳам 8-10 кунга, баъзи жойларда 12-15 кунга ортда қолиш кузатилаётгани таъкидланди. Айрим туманларда пахта ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, муҳим агротехник тадбирлар вақтида бажарилмагани, ғўза чанқатиб қўйилиб, бу ҳосил йўқолишига олиб келаётгани танқид қилинди.

Қишлоқ хўжалигидаги вазифаларни бажаришда камчиликларга йўл қўйган туманлар раҳбарларига тегишли чоралар кўриш бўйича кўрсатма берилди. 

Пахта майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, ғўзани чанқатмай, қатор ораларига ишлов бериш, культиваторлардан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди. 

Яна бир муаммо бу йил ғўза зараркунандалари ва ҳашаротлари кўпайганидир. Олимларнинг аниқлашича, биргина кўсак қурти капалагининг қишдан чиқиш даражаси 76 фоизни ташкил этмоқда. Бу охирги йиллардаги энг юқори кўрсаткичдир.

«Ҳашаротларнинг қишдан чиқиш даражаси 50 фоиз бўлганда фавқулодда ҳолат деб баҳоланади. Бу йил эса ҳашарот 1,5 баробар кўп. Бундан барча раҳбарлар тегишли хулоса чиқариши, айниқса, фермерлар ўз ҳосили учун масъулиятни кучайтириши шарт», деган давлат раҳбари.

Зараркунанда ва ҳашаротларга қарши курашиш ишларини тизимли ташкил қилиш, ғўзага илмий ёндашув асосида кимёвий ишлов бериш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. 

Йиғилишда ғўзани суғориш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Сувдан мақсадли фойдаланиш, ғўза майдонларини суғориш жадвалини ишлаб чиқиш, узоқдаги фермер хўжалиги даласигача сув етиб боришини таъминлаш, «шарбат» усулида суғоришни ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди. 

Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш, шартнома тузиш ва бўнак маблағлари бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Бугунги кунда дунёда озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ва уларнинг нарх-навоси ошиб бормоқда. Бундай шароитда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириб, ички бозорни арзон озиқ-овқат билан тўлдириш ва экспорт ҳажмини ошириш жуда муҳим ҳисобланади.

Шу мақсадда жорий йилда ғалладан бўшаган 680 минг гектар майдонга такрорий экин экиш белгиланган. Лекин орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, жойларда экиш ишлари тизимли ташкил қилинмаган, тўлиқ якунига етказилмаган.

«Такрорий экин бу – биринчи навбатда экспорт, иккинчидан озиқ-овқат маҳсулотларининг захираси, яъни ички бозордаги тўкинлик ва барқарор нарх-наво дегани», деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасадди раҳбарларга такрорий экинлар учун зарур бўлган моддий-техник ресурсларни тўлиқ етказиб бериш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, маҳсулотларни харид қилиш бўйича қайта ишлаш корхоналари, экспортёр ва тайёрлов ташкилотлари билан шартномалар тузиш, фермерларга бўнак пулларини тўлаш юзасидан топшириқлар берилди.

Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, «Томорқа хизмати» корхоналари фаолиятини жонлантириш, хонадонларга уруғлик, минерал ўғит ва бошқа зарур нарсаларни етказиб бериш бўйича вазифалар белгиланди. 

Маҳаллий бюджетга қўшимча даромад тушириш захираларини сафарбар қилиш, маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш бўйича прогноз кўрсаткичларни бажариш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. 

Мавзуга оид