Ўзбекистон | 20:00 / 04.08.2018
26400
3 дақиқада ўқилади

4 август куни ўтказилган тест синовларидан қанча абитуриент четлаштирилгани маълум қилинди

Фото: KUN.UZ

Республика олий таълим муассасаларига кириш тест синовларининг тўртинчи куни - 4 августда ўтказилди ва тўлиқ якунланди, деб хабар бермоқда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

Тест синовларининг тўртинчи куни республикадаги 15та олий таълим муассасаларида тест жараёнлари бир вақтда 1-сменада 8.00дан бошланиб, 11.30га қадар ва 2-сменада 15:00дан бошланиб, 18:30га қадар тўлиқ якунланди.

Тест синовлари ўтказиладиган 57та бинода ёнғин ва хавфсизлик чоралари кўрилди, абитуриентлар учун барча аудиторияларда ичимлик суви ҳамда барча биноларда тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилди.

Ички ишлар тизимидан 4 963 шахсий таркиб ходими, 1206та алоқа воситалари, 694та металлодетекторлар, 289та транспорт воситалари тест синовлари жараёни хавфсиз ўтишига жалб қилинди.

Тест синовларини ўтказишга таълим муассасаларидан тест синовлари ўтказиш тартиб-қоидалари ва технологияси бўйича махсус тайёргарликдан ўтган 2 минг 396 нафар гуруҳ назоратчилари жалб этилди.

Барча ҳудудларда жамоат ва ёнғин хавфсизлиги, тест материалларининг махфий ва дахлсизлиги, бинолар фаолият тизимининг узлуксиз ишлаши, тиббий хизмат ва иншоотларни қўриқлаш тўлиқ таъминланди.

Тест синовларида 15та олий таълим муассасаларининг 80 та таълим йўналишида 
56 минг 949 нафар абитуриент иштирок этди, турли сабабларга кўра 1221 нафар абитуриент тест синовларига келмади.

Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 194 нафар абитуриент, шундан 107 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга ва ўзгани ўрнига киришга уринганлиги учун, 87 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга ва бошқа абитуриентларга ёрдам беришга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.

Тест натижалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Фельдегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига 18.30дан қайтариш бошланди. Сўнгги материаллар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кечаси 1:00да етиб келади.

Етиб келган тест натижалари бўйича дарҳол компьютер ёрдамида қайта ишлаш жараёни бошланади.

Давлат тест марказининг ходимлари ташқарига чиқмасдан, телефон ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланмаган ҳамда тест материалларининг махфийлигини таъминлаган ҳолда тест материалларини қайта ишлайди.

4 август тест натижалари 5 август куни куннинг иккинчи ярмида Давлат тест марказининг dtm.uz сайтида эълон қилинади.

Мавзуга оид