Ўзбекистон | 12:34 / 04.08.2018
32589
3 дақиқада ўқилади

Тест натижалари бўйича апелляция шикояти бериш тартиби ҳақида нималарни биласиз?

Фото: KUN.UZ

Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар 20 августдан 30 августгача (белгиланган иш вақтига мувофиқ, дам олиш кунларисиз ўн бир календарь куни ичида) бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга, деб ёзмоқда “Ҳуқуқий ахборот” канали.

Абитуриентга апелляция шикояти қабул қилинганлиги тўғрисида уч иш куни ичида хабарнома берилади.

Апелляция шикояти Давлат тест марказида ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимларида қабул қилинади.

Апелляция шикоятига абитуриент рухсатномасининг нусхаси илова қилиниши керак.

Апелляция шикоятини берган абитуриент хабарномада белгиланган кунда ўзининг паспорти ва абитуриент рухсатномаси билан келиши шарт.

Апелляция шикояти кўрилаётган абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, тест топшириқлари нотўғри бажарилган жавоблар рўйхати ҳамда тест синовларида абитуриентга тақдим этилган тест топшириқлари китоби берилади.

Тақдим этилган ҳужжатлар асосида абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига жавобларини ёзма равишда баён қилади ва қабул қилиб олган барча тест материаллари билан бирга апелляция комиссиясига тақдим этади.

Апелляция шикояти апелляция комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади. 

Абитуриентнинг ёзма жавоблари ўз тасдиғини топмаган бўлса, апелляция комиссияси тест синовлари натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Абитуриентнинг жавоблар варақаси, тест топшириқлари китоби Давлат тест марказига белгиланган тартибда етказилмаган, йиртилган бўлса, шунингдек, тест синовларидан четлаштирилган ёки ўзининг жавобларини ёзма равишда баён қилмаган абитуриентнинг апелляция шикояти кўриб чиқилмайди.

Абитуриент апелляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.

Мавзуга оид