Ўзбекистон | 20:09 / 06.08.2018
8869
2 дақиқада ўқилади

Интеграллаштирилган қўриқлаш тизимлари Тошкент ​ва Андижонда тўлиқ ишга тушди, навбат Қўқон шаҳрига

Фото: xdp.uz

Интеграллаштирилган қўриқлаш тизимлари Тошкент шаҳрида тўлиқ ишга тушди, эндиликда республика бўйлаб инновацион қўриқлаш моделини амалиётга татбиқ ишлари бошланган. Бу ҳақда ИИВ Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғи полковник Тохириддин Нажимов хабар берди. 

Бошлиқнинг айтишича, шу йилнинг 27 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилган танқидий фикрлардан сўнг, хизмат фаолияти янада жонлантирилди. 

«Биринчи навбатда, «Хавфсиз хонадон» махсус режаси ишлаб чиқилиб, бутун республика бўйича амалга киритилди. Натижада сўнгги ҳафта ичида 400дан ортиқ хонадон янгидан қўриққа олинди», дейди у. 

Қўриқлаш хизматини оммалаштириш мақсадида, бир ойлик хонадон қўриғи учун нарх 17 минг сўм, тадбиркорлик объектларига кўрсатиладиган техник хизмат учун соатига 2355 сўм нарх белгиланган. Шунингдек, ушбу объектларга сигнализация воситалари ва бошқа жиҳозлар текинга ўрнатилиши айтилмоқда. 

«Тошкент ва Андижон шаҳарларида техник қўриқлаш тизими тўлиқ замонавий интеграллашган, инновацион технологияларга ўтказилди. Ҳозирда улар орқали 5202та объект ва 1370та хонадон қўриқланади», дейди Нажимов. 

Унинг айтишича, ушбу қўриқлаш тизими тез кунларда Қўқон шаҳрида ҳам амалиётда жорий этилади. Кейинги икки йил давомида тизим бутун республика бўйлаб ёйилиши билдирилди. 

Ушбу муддат ичида 140та автоматлаштирилган марказий кузатув ва хабар узатиш тармоғини яратиш режалаштирилган. Булардан 15таси мониторинг маркази ва 125таси техник қўриқлаш пунктларини ташкил этади. ​

Мавзуга оид