Ўзбекистон | 19:37 / 07.08.2018
48864
2 дақиқада ўқилади

Сенатор: «Шаҳрисабз воқеаси бизни кўп нарсага ўргатди​»​ 

Фото: Халқаро пресс-клуб

​Қорақалпоғистон Республикаси Қуйи Амударё давлат биосфера қўриқхонасини ЮНЕСКОнинг Биосфера қўриқхоналарининг Бутунжаҳон тармоғи рўйхатига киритиш масаласи бўйича ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда алоқадор вазирлик ва идоралар билан музокаралар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Сенат қўмита раиси Алишер Курманов хабар берди.

«Биз ушбу масалада ЮНЕСКО билан ишни энди бошладик. Битта саволга жавоб беролмайманки, қанчалик масала мураккаб кечади, қанча вақт олади, буни иш давомида биламиз. Гап шундаки, улар ҳафтасига 5 кун, кунига 8 соат ишлайди, биз иложи борича натижага эртароқ эришишни истаймиз. ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бизга берган маълумотга кўра, ташкилот мутахассислари Қорақалпоғистондаги резерватни кўздан кечирган», дейди Курманов. 

Сенат қўмитаси раиси Қуйи Амударё давлат биосфера резерватининг ЮНЕСКО махсус рўйхатига киритилиши ҳақида гапира туриб, Шаҳрисабздаги ҳолатга ҳам муносабат билдирди. 

«Шаҳрисабз воқеаси бизни кўп нарсага ўргатди. Менимча, бу ҳаммага катта дарс бўлди. Бундай нуфузли ташкилотлар билан ишлаш керак. Мен ЮНЕСКО билан яқин 2-3 ой ичида ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилишини кутиб қоламан», дейди у.

Шу йилнинг июнь ойида ЮНЕСКО умумжаҳон маданий мерослар комиссияси Шаҳрисабз тарихий марказини рўйхатдан чиқариш масаласини кўриб чиққанди. Маълум бўлишича, Ўзбекистонга яна бир йил давомида турли комиссиялар ташриф буюриб, вазиятни назорат қилади. Шаҳрисабз тарихий марказини ЮНЕСКО жаҳон мерослари рўйхатида қолдириш нуқтаи назаридан ишлар давом эттирилади. ​​

Маълумот учун, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Амударё дельтасидаги тўқайларнинг биологик хилма-хиллигини сақлашни, табиатдан барқарор фойдаланишни ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни, маданий бойликларни муҳофаза қилишни таъминлашга мўлжалланган ер усти ва сув экологик тизимларини ўз ичига оладиган, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудуд ҳисобланади.

Мавзуга оид