Ўзбекистон | 23:31 / 11.08.2018
64342
3 дақиқада ўқилади

Тожикистон президенти Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келмоқда: сўнгги 20 йил ичида илк бор

Фото: Президент матбуот хизмати

Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон шу йилнинг 17–18 август кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади. Бу хабарни Kun.uz’нинг ўз манбалари тасдиқлашди.

Икки қардош давлат муносабатлари тарихида муҳим ўрин тутади, дея баҳоланаётган мазкур ташриф икки томонлама мулоқотнинг принципиал янги кун тартибини ўртага чиқариши тахмин қилинмоқда.

Ташрифнинг биринчи кунида — 17 август куни пойтахтимиз Тошкентда ўзбек ва тожик санъаткорлари иштирокида катта концерт дастури бўлиб ўтиши режалаштирилган. Имомали Раҳмон ташрифининг иккинчи кунида Самарқанд шаҳрига ҳам боради.

Тожикистон Сиёсатшунослар миллий уюшмаси раиси Абдуғани Мамадазимовнинг фикрича, ташриф якунларига кўра Тошкент ҳудди Москва, Пекин, Остона ва Ашхобод билан бўлгани каби Душанбенинг стратегик ҳамкорига айланади.

Asia-plus медиа гуруҳининг Тожикистон ҳукуматидаги ўз манбасига таяниб ёзишича, Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунларига кўра, томонлар жами 23та янги ҳужжат ва битимни имзолаши кутилмоқда.

Хавфсизлик соҳасидаги келишувлардан ташқари, кинематография, гидрометеорология соҳаларида ҳам ҳамкорлик тўғрисида қўшма ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган.

Тожикистон ва Ўзбекистон, шунингдек, стратегик шериклик, икки давлат чегараларини тўлиқ демаркация ва делимитация қилиш тўғрисида битим имзолайди.

Раҳмоннинг ташрифи арафасида — 16–17 август кунлари Тошкентда «Тожикистонда ишлаб чиқарилган» кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда қўшни республика саноатининг ютуқлари намойиш этилади. 17 август куни кўргазмага Ш.Мирзиёев ва И.Раҳмон ташриф буюради.

Имомали Раҳмон сўнгги марта 1998 йилнинг январида Ўзбекистонга иккитомонлама алоқалар доирасида ташриф буюрган эди. Шунингдек, у сўнгги марта 2016 йилнинг 3 сентябрида Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримовнинг дафн маросимида иштирок этиш учун Самарқандга келган эди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 9–10 март кунлари Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёев Тожикистонга давлат ташрифи билан борган эди. Ўшанда Ш.Мирзиёев И.Раҳмонни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга давлат ташриф билан келишни таклиф этган эди.

Мавзуга оид