Ўзбекистон | 12:39 / 13.08.2018
53169
12 дақиқада ўқилади

«Тўрт чегара постидан ўтиб...». Сўх анклавининг иккита катта муаммоси (2-қисм)

Фото: KUN.UZ

Узоқ вақтдан бери Ўзбекистоннинг анклав ва эксклав, яъни  ҳудудини юз фоиз бошқа мамлакат ери ўраб турувчи Фарғона вилояти, Сўх туманига бориб, ўқувчилар учун аҳолининг турмуши, бугунги куни ва муаммолари ҳақида мақола тайёрлашни режалаштирган эдик. Ниятимиз ёзнинг иссиқ кунларида амалга ошди.  

Келинг, аввал сиз билан “анклав” атамасига ойдинлик киритиб олсак... Анклав (франц. enclave, лот. inclavare — қулфлаб олиш) – бир давлатнинг ҳамма томондан бошқа давлат ҳудуди билан ўраб олинган ҳудуди ёки ҳудудининг бир қисми. Фарғона вилоятига қарашли Сўх, Чўнғара, Шоҳимардон, Қалача ҳудудлари Ўзбекистон эксклавлари бўлиб, Қирғизистон Республикаси учун анклав ҳисобланади.

Айтиб ўтай, бу иккинчи ва якуний мақола. Сарҳадларимиздан йироқдаги туман ҳақидаги биринчи мақоламизда чегарадан ўтишдаги юракни сиқадиган муаммолар, Қирғизистон чегарачиларидан ўтиш учун олинадиган “билет”, Боткен йўли машмашалари ва Сўхга етиб борганимизга тўхталган эдик.

Бугунги материалда эса анклав туман аҳолисининг ҳаёт тарзи ва икки долзарб муаммосини ёритамиз.

Мо зодаи кўҳи баландем, ба мо пасти намезебад

80 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилувчи Сўх туманида фаолият олиб борадиган ИИБ ходимларига иш деярли кам топилади. Сабаби, ҳудуд одамлари қадим-қадимдан турли жиноятчиликдан йироқ яшашган. Ўғрилик, фирибгарлик деярли кузатилмас экан.  Бу ерда: “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган мақол ҳақиқатда амалда.

Туман аҳолиси деярли 100 фоиз тожикзабон. Маҳаллий газета шиори ҳам ўзгача: “Мо зодаи кўҳи баландем, ба мо пасти намезебад”. Ўзбекчага баҳоли қудрат ўгириб кўрдим: “Баланд тоғликлар авлодимиз, паст кетиш бизга ярашмас”. Сўхлик деганининг ғурури худди тоғдек юксак келади.

«Бобурнома»да 1493 йил воқеалари қаламга олинар экан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур тақдир тақазосига кўра «Сўх ва Ҳушёр кўҳпояларига келиб, бир йилча ёвуқ» яшаганини орзиқиш ила хотирлайди. Ўша вақтларда ҳам Сўхда маънавият, маърифат, маданият ривож топганини билиш мумкин.

Ҳозир Сўх тумани тараққиёт йўлида.  Маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари бор. Аҳоли асосан деҳқончилик билан шуғулланади. Ўтган гал айтганимиздек, боғдорчилик, сабзавот уруғчилиги ривожланган. Картошканинг энг зўрини Сўхдан топасиз.

Туман маҳалла Кенгаши раисининг кексалар ва фахрийлар масалалари бўйича ўринбосари Камолиддин Азизов асли журналист. У киши билан ҳар соҳадан суҳбат қуриш мумкин. Унинг машинасида кўп жойларни айланиб чиқдик. 

Тоғлик ҳудуд бўлгани учун бу ерда ўриклар июль ойининг охирларида пишар экан. Сўхнинг ўриги, туршаги таърифини бутун дунё билади. Боғлардаги мевадан ўз қўлимиз билан узиб татиш насиб қилди. 

Сўх дарёсига бордик. Дарё қирғоғида икки Ўзбекистон ва Қирғизистон аҳолиси ёнма-ён яшаб келмоқда. Қайга борсангиз, меҳнат қилаётган кишиларни кўрасиз.

Ўша машҳур Сўх чашмасига ҳам бордик. Чашманинг шифобахш сувини “минг дардга даво”, дейишади. Унинг таркиби кимёвий натрий, сулфат, хлор, магний, калций, олтин, кумуш ҳамда яна бошқа бир қатор инсон танасига фойдали моддалардан иборат бўлиб, суви рангсиз, ҳидсиз, яхши мазаси борлиги аниқланган. Чашма атрофдаги уч-тўрт қишлоқларни ичимлик суви билан таъминлайди. Бир дақиқада 200 литр сув чиқадиган булоққа ёши 90 ни қоралаган Келдибой ота қарар экан. У кишини узоқ суҳбатини олдик. Қаерда ким билан гаплашсак, гап бориб Сўхнинг муҳим муаммосига бориб тақалаверди. Шунинг учун гўзал юрт таърифларидан узоқлашиб, асосий мавзу бўлган бир жуфт муҳим ва зарур муаммоларга ўтсак.   

Катта муаммонинг ҳал бўлишини интизорлик билан кутяпмиз..

Сўзнинг энг мағизлигини, ўша ердаги ҳаёт тажрибасига эга юрт катталари гапиргани маъқул. Тоғ ёнидаги чойхона сўрисида Сўхнинг ёши улуғ, илмли оқсоқоллари гурунглашиб ўтиришган экан.  Муаммони тўлақонли ҳис этиш учун нуронийлар билан суҳбат қурдик. Уларнинг бири олим яна бири узоқ йиллар ҳокимият тизимида ишлагани айни муддао бўлди.

“Сўх тумани республикамизнинг чекка тумани. Бир томони Қирғизистон, бир томони Тожикистон. Шундай бўлса-да, давлатимизда чиқарилаётган ҳар бир қарор, ҳар бир янгиликни биз тўлақонли ижро қилишга интиламиз. Бу борада мамлакатимизнинг бошқа туманларидан ҳеч қандай камимиз йўқ. Биз давлатимизни ҳар бир ютуғидан фахрланиб яшаймиз ва ҳар соҳада илғор бўлишга интиламиз.

Бироқ, 80 минг аҳолимизни қийнаб келаётган катта муаммо бор. Бу ҳам бўлса Ўзбекистонга, вилоятимиз марказига ўтиб-келиш муаммоси. Фарғонага бориш учун Сўхдан иккита йўл бор. Бири Риштон, иккинчиси Водил орқали. Бири яқин, бири йироқ йўл. Хабарингиз бўлса, беш-тўрт йилдан бери фақат бир томондан қатнаб келяпмиз.  Бошланишида яхши эди. Кейин ўзгарди. Қўшни давлатнинг чегарасига гапимиз ўтмайди. Чегарадан ўтувчилар сарсон бўлиб узоқ вақт туради. У ердагилар на ёшни ёш, қарини қари дейишади. 50-60 километр турли қийинчилик ва муаммолар билан Қирғизистон ҳудудидан ўтамиз.

Риштон томонидан ўтиш учун бошқа йўл бор. У йўлда қўшни давлат аҳоли пункти кам. Жуда яқин йўл. Нари борса 6-7 километр Қирғизистон еридан ўтилади холос. Негадир икки ҳукумат ўртасида мазкур масала ижобий ҳал бўлмаяпти. Раҳбарларимиздан шу муаммони тезроқ ҳал қилиб беришларини кутяпмиз.

Йўлнинг очилиши Сўхнинг ривожланишига жуда катта таъсир қилади. Инвестиция киради. Етиштирилган мева, сабзавотларни экспортига катта имконият туғилади. Халқимиз жуда меҳнаткаш. Бизга Риштон тарафдаги йўлнинг ишга тушиши жуда-жуда зарур”, - дейди меҳнат фахрийси Раҳмонжон Зокиров. 

Айнан мана шу муаммони ҳар бир сўхликдан эшитишингиз мумкин. Юқорида айтганимиздек, ким билан қайси мавзуда гап бошламайлик, мавзу бориб яна чегара масаласига бориб тақалаверди.

Иккинчи муаммо      

Навбатдаги суҳбатдошимиз эса фан кишиси, олим инсон. Фан номзоди, узоқ йиллар илмий тажриба пунктида илмий ходим, раҳбар сифатида фаолият юритган Маҳмуджон ота Мамажоновнинг сўзларига қулоқ тутамиз:

“Сўх денгиз сатҳидан 1000-1100 метр баландликда жойлашган бўлиб, об-ҳавоси салқин. Ҳаво ҳарорати ёз фаслида  40 даражадан юқорига кўтарилмайди. Шунинг учун картошка ва сабзавот етиштиришга қулай ҳудуд ҳисобланади. Табиати, тупроғининг ўзига хослиги, сувининг тоза ва ширинлиги сабаб бу ерда етиштирилган картошканинг довруғи бутун Ўзбекистонга кетган. 

Туманимиз авваллари асосан уруғчилик билан шуғулланар эди.  Сўх республикамизнинг айрим ҳудудлари, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона водийсининг барча вилоятларини сифатли картошка уруғи билан таъминлаган. Сўх картошкачилик мактаби яратилган. Ҳудудлардан келган мутахассислар туманимизга картошка етиштиришни ўргангани келиб, ўқиб, малакасини ошириб кетишар эди. Картошканинг асли беш хил тури бўлади – эртаки, ўртача эртапишар картошка, ўртапишар, ўртача кеч пишар ва кечпишар картошка. Булар 60 кундан 150 кунгача бўлган давр ичида пишиб етилади. Энг аввало, картошкачиликка бўлган муносабатнинг асоси – агротехникасини билиш керак. Сўхда шунга мослашган ва малакага эга аҳоли ва фермерлар бор.

Илтимосимиз шундаки, 1966 йилда ташкил бўлган,  Ўзбекистон сабзавот, полиз ва картошка илмий-текшириш институтининг “Сўх тажриба-таянч пункти”ни қайта тиклаш зарур. Ишлаб турган пайтида пунктда 20дан ортиқ картошка навларини синовдан ўтказиб, картошкани элита ва супер-элита навларини ишлаб чиқарганмиз.

Пиёз, сабзи, кашнич, қизилча уруғлари етиштирилган. Сўхда етиштирилган уруғлар паст ҳудудларда етиштирилган уруғлардан 50 фоиз юқори ҳосил бериши илмий исботланган. Чунки, табиатимиз тоза. Навларимиз касалликка чидамли бўлади. Яна бизда Шредер номли илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг “Сўх тажриба-таянч пункти” фаолият юритган. Мазкур пунктда бодом, ёнғоқ, субҳони ўрик, йигирмадан ортиқ олма-ўрик навлари яратилган. 1996-йили тажриба-таянч пункти тугатилиб кетди. Агар ҳар икки илмий муассасалар қайта тикланса, мамлакатимизга ўзимизнинг сифатли уруғ ва кўчатлар етказиб берилади. Ундан ташқари “Сўх картошкачилик ва уруғчилик мактаби” тикланади. Биз субҳони ўрикларни пайвандлаб, йиллар давомида ишлаб чиққанмиз. Ҳеч қаерда Сўхникидек субҳони ўриклар бўлмайди. 

Ҳозир юртимизга миллиардлаб суммага картошка уруғи олиб кириляпти. Бу жуда тушунарсиз ҳолат. Ахир бу уруғ синалмаган. Бизнинг еримизда бўладими-бўлмайдими ҳеч ким кафолат бера олмайди. Ҳар бир нав экилишидан олдин синовдан ўтказилиши керак.  Ўша пайтларда ҳар бир навни синовдан ўтказиб, илмий Кенгашда ҳимоя қилар эдик. Навларни ҳар бир ҳудудга мослаб, районлаштириб сўнг тарқатиларди.

Мамлакатимиз иқтисодиётига келтирадиган фойдани ҳисобга олган ҳолда Сўхдаги ҳар икки тажриба таянч пунктларини тиклаш пайти келди, деб ўйлайман. Бу билан туманимизнинг ҳам ривожланишига катта туртки берилган бўларди”.      

Илм кишисининг аниқ фактларга асосланган сўзлари бу муаммони кўтариб чиқишга арзигулик эканини билдирар эди. Ахир четдан сифатли уруғлик, кўчат олиб келгандан кўра Сўхда етиштириш афзалроқ ва иқтисодий томондан фойдалироқ эмасми? 

Тоғлар юртидаги сафар хулосаси

Туманда бошқа ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас .

“Юртимиздаги минглаб фуқаролиги йўқ ватандошларимиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олишга мушарраф бўлди. Айрим маълумотларга асосан 206 нафар сўхликларнинг ҳужжати охирги манзилини тополмай, идорама идора чанг босиб ётибди. Буларнинг орасида ёшлари саксондан ошган қариялар, ногиронлар, хаста инсонлар бор. Ушбу масалани ижрочилар диққатига етказишни иложиси борми?” - дейди охирги йиллар сарсон-саргардон бўлиб юрган Абдураҳим Сармиев.

Бу масаланинг тез кунларда ҳал бўлишига ишондик.

Тасвирчимиз билан кун оғиб, қуёш уфққа ёнбошлаганида яна ўша бизни Сўхга олиб келган таксичи Савриддин ака билан тўрт чегарадан ўтиб Фарғона томон йўл олдик. Камолиддин акага раҳмат айтиб хайрлашиб, яна 70 километр машинадан тушмай яна Қирғизистоннинг Боткен вилояти, Қадамжой туманидан ўтдик.

Бизга йўлдош бўлган сўхлик йигит қўшни давлат чегарачиларининг ўтиш чоғида ҳар бир кишидан 5 минг сўм, автомашина эгаларидан 200 минг сўм, юки билан ўтадиган юк машиналаридан 2 миллион сўмгача пул олишларини айтиб келди. “Илтимос, чегарадан ўтиш азоби, соатлаб навбат туриш ҳақида албатта ёзинглар. Ака, мақолангиз чиқса Сўх муаммолари ҳал бўлармикан?”, дейди йигит.

Водийнинг шимолий тарафидаги чегарадош Андижон ва Ўш вилояти мутасаддилари ўртасида алоқа жуда яхши. Ўшликлар меҳмонга келади, Хонободда ҳар ойда ўтов тикилиб биргаликда тадбирлар ташкил этилади. Икки қўшни эл бир-бири билан иноқ. 

Бироқ, Фарғона ва Боткен ўртасида бундай илиқликни кўрмадик. Бу Шоҳимардон, Чўнғара, Қалъачаликларга қийинчилик туғдираётгани аниқ.  Қадамжой туманидан Сўхгача бўлган 70 километр йўл транзит. Йўловчи зарурият бўлса ҳам тўхтамай ҳаракатланишга мажбур. Мутасаддилар икки вилоят халқи ўртасида маданий-маърифий тадбирларни кўпайтиришса мақсадга мувофиқ бўларди.

Сўхликлар учун ечимини кутаётган энг муҳим муаммо - Риштон чегара постини очилишидир. Бу масаланинг ижобий ечим топиши туман ҳаёти ва тараққиёти учун жуда зарур.

Элмурод Эрматов,
KUN.UZ мухбири.
Фарғона-Боткен-Сўх

Мавзуга оид