Фан-техника | 13:40 / 16.08.2018
30503
10 дақиқада ўқилади

Йирик автосаноатлар тарихи: Хитой

Шу йилнинг 30 июль куни Халқаро Пресс клубда “Ўзавтосаноат” АЖ раҳбарияти иштирокида сессия бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган енгил автомашиналар нархи ўртача 14 фоизга ошиши, ўзбек автосаноатида протекционизм чоралари қачонгача давом этишига доир фикрлар билдирилди. 

Kun.uz дунё автомобил саноатида юксак натижаларга эришган мамлакатларнинг ушбу соҳада ривожланиш тарихини ўрганишга ва уни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилишга қарор қилди. Туркум мақолаларнинг узвий қисми сифатида Жанубий Корея ва Германия автомобилсозлиги тарихига доир мақолалар эълон қилинди. 

Бу сафар, аввал ваъда қилинганидек, кўпгина соҳаларда бўлгани каби қисқа вақт мобайнида автомобилсозликда ҳам юксак натижаларга эришган Хитой тажрибасидан айрим маълумотларни тақдим этамиз. 

Фото: wikimedia

Хитой автомобилсозлик саноати, айтиш мумкинки, деярли ярим асрлик тарихга эга. Бироқ у 1990-йиллар бошларидан буён юқори суръатларда ривожланмоқда. 2009 йили ХХР дунёдаги энг йирик автобозорга айланган бўлса, айни вақтда дунёнинг энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчи давлати саналади. Унинг ўзи бир йилда АҚШ ва Япония биргаликда ишлаб чиқарадиган машиналар сонидан кўп автомобил етказиб беради. ЕИда ишлаб чиқилган жами транспорт воситалари ҳам Хитой улушига ета олмайди. Қизиқ ва ўринли савол туғилади: Хитой бундай натижага қандай эришди?

2013 ва 2014 йилларда Хитой дунё автосаноати тарихида илк маротаба бир йилда 20 млн донадан ортиқ машина ишлаб чиқди, тегишли равишда 22,1 млн ва 23,7 миллионта. Мамлакат бугунги кунда бутун бошли автомобил тизимини йўлга қўйган давлатдир. ХХРнинг энг йирик автокомпаниялари эса, FAW, SAIC ва Dongfeng ҳисобланади. Бироқ, маълумот учун айтиш керак, 2006 йил ноябрь ойидаёқ Хитойда 6322та автомобил корхонаси бор эди. 

Фото: Карельские вести

Халқ республикаси 2006 йилда автомобил ишлаб чиқиш борасида Японияни қувиб ўтди ва Қўшма Штатлардан кейинги иккинчи давлат бўлди. Унинг дунё автосаноатида АҚШни қувиб ўтиб, энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчига айланиши учун 3 йилгина вақт кифоя қилди. Шундан бери у ҳозирча мақомини қўлдан бой бергани йўқ. 

Фото: dongfengmotor.ru

Таъкидлаш ўринлики, 2009 йилги маълумотларга кўра, мамлакатда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг деярли ярми, 44,3 фоизи (BYD, Lifan, Chang’an, Geely, Chery, Hafei, Jianghuai, Great Wall, Roewe, FAW ва б.) маҳаллий брендлар эди. Бугунги кунга келиб, бу рақам янада ошгани ўз-ўзидан маълум албатта. Шу билан бирга, Volkswagen, Mitsubishi, General Motors, Hyundai, Nissan, Honda, Toyota каби дунёга машҳур хорижий компаниялар билан ташкил этилган қўшма корхоналар ҳам фаолият юритиб келади. Қайд этиш керак, мамлакатда ишлаб чиқилган автомобилларнинг аксарияти ички бозорда сотилади. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2009 йилда ишлаб чиқилган 13,76 млн дона автомобилдан 369,6 мингтаси экспорт қилинган. 

Хитойда рўйхатдан ўтган транспорт воситалари сони 2009 йилда 62 млн.дан ортган эди. 2020 йилга келиб бу рақам 200 млн.дан ортиши тахмин қилинмоқда. 2011 йили Хитой миллий автомобиллар парки 100 млн.лик рақамни ортда қолдирди ва АҚШдан кейинги ўринни эгаллади. 

Келинг, энди қисқагина Хитой автосаноати тарихига тўхталсак.

Хитой халқ республикаси автосаноатининг илк ривожланиш босқичи 1928—1980 йилларга тўғри келади. Чжан Сюэлян 1931 йили Ming Sheng деб номланган ягона юк машинасини ишлаб чиқарган. 1953 йил 15 июнь эса, Хитой автосаноатига асос солинган кун ҳисобланади. Ўшанда Пекинда FAW заводи ишга тушди. 1958 йил 10 мартда NJ130 юк машинаси заводдан чиқди. Умуман, 1950 йиллар охири ва 1960 йиллар бошида Нанжинг, Шанхай, Цзинань ва Пекин шаҳарларида бир нечта автомобил заводлари ташкил этилди. Булар бугунги кунда Nanjing Automobile (Group) Corporation, Shanghai Automotive Industry Corporation, Beijing Automotive Industry Holding Corporation компанияларидир. 1968 йилда кейинчалик Dongfeng Motor Corporation компаниясига айланган The Second Automobile Works заводига асос солинганди. 

Фото: truck-auto.info

1980-1992 йиллар

Дэн Сяопин томонидан 1978 йилда бошланган ислоҳотлар жараёнида автомобил саноатини ривожлантириш истиқболли йўналиш сифатида белгиланган эди. 1990 йилларда шаҳарликлар ва қишлоқликлар даромадларининг тез суръатлар билан ортиши енгил ва енгил тижорат автомашиналарига бўлган талабни кучайтирди. Ички ишлаб чиқариш жуда чекланган бўлгани боис, автомобилларни импорт қилиш ҳажми кескин ошди. Бу ҳолат автомобиллар учун импорт божи 260 фоиз оширилганига қарамай рўй берди. 
 
1985 йили Хитой бир йилда 350 мингдан ортиқ (106 минг енгил ва 111 минг юк машинаси) турли автомобиллар импорти учун 3 млрд доллар сарфлади. Импорт харажатлари савдо балансида жиддий дефицитни пайдо қилгани учун Хитой ҳукумати бу жараённи тарғибот-ташвиқот ишлари, валюта айирбошлашни чеклаш, божларни ошириш, акциз солиқларини жорий қилиш, 1985 йилда эса, 2 йиллик автомобил импортига мораторий жорий қилиш билан кескин чоралар кўрди. 

Хитой автоимпортни чеклаш орқали енгил автомобилларни маҳаллий заводларда ишлаб чиқишни рағбатлантиришга уринди ва бу самара бера бошлади. 1983 йили American Motors Corporation (кейинчалик Chrysler Corporation томонидан харид қилинган) Пекинда (BAIC Group) Jeep Cherokee XJ моделини йиғиш бўйича 20 йиллик шартнома имзолади. Келгуси йилда Volkswagen AG Шанхайда (SAIC Group) Volkswagen Santana седанини йиғиш бўйича 25 йиллик битимга имзо чекди. Франциянинг PSA компанияси Гуанчжоуда Peugeot 504 енгил машинасини йиғиш лойиҳасини амалга ошира бошлади. Буларнинг бари замонавий Хитой автосаноатининг пойдевори бўлди, дейиш мумкин. 

1992 йилда Хитой бир йилда 1 млн.дан ортиқ машина ишлаб чиқишга эришган бўлса, 2000 йилда бу рақам 2 млн.дан ортди. 2001 йили Хитой Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлганидан сўнгра, автомобиль бозорининг ривожи янада тезлашди. 2002-2007 йиллар оралиғида ҳар йили автомобил ишлаб чиқиш ўртача 21 фоизга ёки 1 млн донага ортиб борди. 2003 йил, айтиш мумкинки, Хитой автосаноати учуун туб бурилиш даври бўлди. Ички ва ташқи бозорга «BYD» (Build Your Dreams – Ўз орзуларингни қур) компанияси маҳсулотлари чиқарилди. 2004 йилда бир йилда 5 млн донадан ортиқ автомобил ишлаб чиқилди. 2009 йилда бу рақам 13,76 млн донага етди. Шу билан Япония ортда қолдирилди ва дунёнинг иккинчи автомобил ишлаб чиқарувчи мамлакатига айланди. 

2010 йилда ишлаб чиқариш ва савдо ҳажми 1/3 бараварга ошди ва 18 млн донадан ортди. Дунё автомобилсозлиги тарихида илк маротаба йиллик автомобил ишлаб чиқариш сони 15 млн.лик кўрсаткичдан ошди. Шу йили 18,26 млн.та машина ишлаб чиқилди, шундан 11,6 миллиони енгил машиналар эди. Бу эса, сўнгги 40 йилда ўзаро ўрин алмашиб келаётган икки етакчи давлат АҚШ ва Япония, шунингдек ЕИни сезиларли ортда қолдиришга асос бўлди. 

2011 йили Хитой автосаноати бир неча фоизга ўсди. Жами ишлаб чиқилган автомобиллар сони 19,27 млн донани ташкил этган бўлса, шундан 14,89 млн.таси йўловчилар учун, 3,93 млн донаси тижорат мақсадига хизмат қилувчи транспорт воситалари эди. Мамлакатда 18,51 млн дона автомобил сотилди. Лекин қайд этиш ўринли, шу йилдан ҳукумат автобозорга туртки беришни кўзда тутувчи давлат дастурларини тўхтатди. Шунга қарамай, Хитой автокомпанияларининг молиявий аҳволи шунчалик кучайдики, Европанинг машҳур Rover, Saab, Volvo Cars, LTI ва LDV каби брендларини харид қилишга муваффақ бўлинди.

Фото: volvocars.com

2012 йилдан Хитойда транспорт воситаларини муқобил ва тикланувчи энергия манбаларига ўтказиш бўйича давлат дастури амалга оширила бошланди. 2013 йили электромобилларни харид қилганларга қўшимча имтиёзлар тақдим этилди. 2010 йиллар ўрталаридан электробуслар ишлаб чиқариш кенгайтирилди. 2016 йил 90,5 минг дона шундай автобуслар йирик мегаполисларга етказиб берилди. Электромобиллар ва қувватланадиган гибридлар сони 50 мингдан ортди, бир йилда 777 мингтага етди. 2017 йили Хитойда 29 млн донадан ортиқ автомобиллар ишлаб чиқилди, бу бутун дунёда ишлаб чиқарилган транспорт воситаларининг (96,4 млн) 30 фоизини ташкил этди. Қиёслаш учун яна бир маълумот: Ўзбекистондек мамлакат аҳолисининг ҳар бирини биттадан автомобил билан таъминлашга Хитой қуввати бир йил-у 2 ой кифоя қилади. ХХР енгил автомобиллар бозорида миллий брендлар улуши 43,9 фоизга, SUV русумли машиналар бозорида 60,6 фоизни ташкил этди. 

Бугунги кунда Хитойда кўплаб автомобил компания ва фирмалари мавжуд бўласа-да, уларнинг энг йириклари қуйидагилардир:
First Automotive Works (FAW), SAIC Motor, Beijing Automobile Works (BAW) Beijing Automotive Group Co. (BAIC), Chery Automobile, Changan, Brilliance China Auto, Dongfeng, Geely Automobile, Great Wall Motors, Lifan, Dadi Auto.

FAW корпорациясининг биноси
Фото: wikimedia

Хуллас, дунё автосаноатлари тарихи хусусида том-том китоб ёзса бўлади. Биз 3 мақоладан иборат туркумда атиги 3 давлат автосаноати тарихига қисқагина ёндашдик. Бироқ хулосамиз битта бўлди: яъни, ўрганганимиз уч давлатда ҳам автомобил саноати ривожланиши учун аввалбошданоқ рақобат муҳити мавжуд бўлган. Бир вақтнинг ўзида бир хил тоифада автомобил ишлаб чиқарувчи бир неча компания ва заводлар фаолият юритган. 

Хитой ва Ж.Корея томонидан олиб борилган “протекционизм” сиёсати мамлакат ичкарисида бир неча автокомпаниялар (хорижий компаниялар иштирокида ҳам) ташкил этилишига тўсқинлик қилмаган. Бу икки давлатда ҳам даставвал Европа машиналари йиғилган, кейинчалик тўлиқ ишлаб чиқариш босқичига ўтилган. Аммо бу жараён Ўзбекистонда бўлганидек, 20 йилдан ортиқ вақтни олмаган. Аксинча, тарихан қисқа даврда юксак натижаларга эришилган. 

Мавзуга оид