Ўзбекистон | 23:39 / 16.08.2018
26284
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон кексаларни энг ардоқловчи давлат сифатида эътироф этилди

Кекса ёшли кишиларга ҳурмат даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилган тадқиқотлар натижаси Ўзбекистон ва Венгрия қарияларни энг эъзозловчи мамлакатлар орасида етакчилик қилаётганини кўрсатди. AgeWell нашри шу ҳақидаги хабари билан бўлишди

Фото: Marketeers

Orb Media кексаларга бўлган ҳурмат даражасини аниқлаш учун 101 мамлакатнинг 150 минг кишиси маълумотларини тўплади. Кекса ёшли кишиларга ҳурмат даражаси бўйича бу мамлакатлар орасида Ўзбекистон ва Венгрия етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда Туркия, Руминия, Қозоғистон ва Покистон мамлакатлари келган. 

Қарияларга бўлган ҳурмат даражаси бўйича энг паст кўрсаткичларни қайд этган давлатлар - Украина, Албания ва Япония. 

Илмий тадқиқотлар ва глобал маълумотлар инсонларнинг кексаликни қандай қабул қилиши ва қанчалик кексайиши  ўртасида боғлиқлик борлигини тасдиқламоқда. Кексалик даврига ижобий муносабатда бўлган кишиларнинг узоқ умр кўриш эҳтимоли салбий фикрловчиларга нисабатан юқорироқ экан. Шу билан бирга, кексаликка салбий муносабатда бўлган кишиларда юрак хуружи хавфи юқори бўлиб, ўлим ҳолатлари эртароқ қайд этилар экан. 

Шуниси эътиборга лойиқки, кексаларга ҳурмат даражаси паст бўлган мамлакатларда психик ва жисмоний саломатлик ёмонлашуви хавфи юқори экан. 

Бугунга келиб, дунё аҳолисининг 8,3 фоизини кекса ёшли кишилар ташкил қилади. 2050 йилга бориб, бу кўрсаткич 15,8 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилининг  кўрсатишича, сўроқ қилинган 57 мамлакатдаги қарияларнинг 60 фоизи кексаларга ҳурматнинг паст даражада эканлигини маълум қилган. Бундай мамлакатларда кекса ёшдагилар кўпинча ишга яроқсиз ҳисобланиб, жамият ва оилалар учун ортиқча юк сифатида қаралиши қайд этилган. Кекса ёшлиларнинг билими, донолиги ва тажрибалилиги эса кўп мамлакатларда тан олинмайди.

Баъзи тадқиқотларнинг кўрсатишича, ёшлар ва кексалар ўртасида ижобий муносабатларнинг ўрнатилиши бу ёшнинг салбий омилларини йўққа чиқарар экан. 

Мавзуга оид