Ўзбекистон | 09:10 / 17.08.2018
56362
3 дақиқада ўқилади

Имтиҳонда йиқилган абитуриентлар супер-контракти арзонроқ ОТМга «перевод» қилиши мумкин

Фото: «PressPhoto.uz» / Мадина Нурман

Кириш имтиҳонларида ўқишдан йиқилган абитуриентлар супер-контракти арзонроқ ОТМга «перевод» қилиши мумкин. Бу ҳақда 2018/2019 ўқув йилида олий таълим муассасаларига қабул бўйича Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мажлисининг қарорида белгиланган

Унга кўра, тест синовлари натижаси бўйича етарли балл тўпламаган ва оширилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентларга оширилган тўлов-контрактнинг миқдори (баробари) кам бўлган таълим йўналишини танлаш имконияти берилди. Бунда, абитуриент тест топширган фанлар мажмуасининг (фан блокларининг ўрни) мослиги ҳамда унинг доимий яшаш жойи ва ҳужжат топширган олий таълим муассасаси жойлашган ҳудуд мезон сифатида белгиланди.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев телеграмдаги каналида (@xushnudbek) бу ҳолатга изоҳ берган.

«Агар супер-контракт нархларига эътибор қилсак, бир-бирига яқин йўналишларнинг супер-контракт нархлари ҳар хил эканлигини кўриш мумкин. Масалан, қайсидир йўналишда 10 баробар, қайсидирида 15 баробар, яна бошқасида 20 баробар.

Энди шундай ўзгариш кирдики, супер-контракт 20 баробар қилиб белгиланган йўналишдан йиқилган абитуриент ўқишини 15 баробарли жойга кўчириши мумкин.

Энг муҳим жойи «перевод» қилинаётган йўналишларда тест олинган фанлар бир-бирига мос бўлиши керак. Математика, физика, она тилидан тест топширган абитуриент тарих, чет тили, она тили бўлган жойга кўчира олмайди», дейилади изоҳда.

Таъкидланишича, бунда фанлар ўрни муҳим ҳисобланади.
Масалан, 3та фан ҳам мос, лекин жойи ўзгарган (физика биттасида 3.1, бошқасида 2.1 балл) бўлса, «перевод» қилиб бўлмайди.

Шунингдек, ўқишни кўчиришда ҳудуд ҳам рол ўйнайди. Бунда абитуриент 2 та жойдаги ОТМга «перевод» қила олади:
1. доимий яшаш ҳудудидаги;
2. Ҳужжат топширган ОТМ жойлашган ҳудуддаги.

Масалан, доимий яшаш жойи Жиззахда бўлган абитуриент Самарқанд вилоятидаги ОТМга ҳужжат топширди ва кира олмаган вазият. Агар у супер-контракти арзонроқ жойга «перевод» қилмоқчи бўлса, ёки Жиззах, ёки Самарқанддаги ОТМни танлаши керак бўлади, Тошкентга кўчира олмайди.

Қуйидагилар мумкин эмас:

1. Бу фақат ўқишга кира олмаган ва оширилган қўшимча контрактда ўқимоқчи бўлганлар учун имконият. Ўқишга кирганлар контракти арзонроқ жойга «перевод» қила олмайди;

2. Абитуриент фақат супер-контракти арзонроқ жойга «перевод» қила олади, қимматга эмас. Масалан, «Тарих» факультетидан йиқилган абитуриент қимматроқ бўлса ҳам Юридик университетда ўқишга розиман деса ҳам, мумкин эмас.

Мавзуга оид