Light | 19:40 / 20.08.2018
18022
6 дақиқада ўқилади

Касбни ўзгартириш вақти келгани англаб етилганда нима қилиш керак?

Касбни ўзгартиришнинг кечи бўлмайди. Асосийси — буни тўғри ва онгли равишда амалга ошириш, дейди РФ «Нетология» рақамли касблар университетининг Карьерани ривожлантириш маркази раҳбари Анна Давидова "Лайфхакер"даги мақоласида.

Замонавий дунёда баъзи касблар аста-секин йўқолиб кетаётган бўлса, янгилари пайдо бўлмоқда. Инсоннинг бир неча марта профессионал сифатида ўз фаолиятини йўлга қўйиши табиий ҳолат. Чуқур нафас олинг, атрофга боқинг, сиз ёлғиз эмаслигингиз аниқ. Энди эса ишга киришамиз.

Фото: Getty Images

Ўзгаришлар ҳақида ўйлаймиз

Нима учун касбингизни ўзгартиришга қарор қилганингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Ўз мақсадингизни шакллантиришга ҳаракат қилинг. Ўзингизга ўзингиз савол беринг: "Бу ўзгаришлардан нимани кутяпман? Бу нимаси билан мен учун муҳим? Истаганимга эришганимни қандай тушуниб етаман?" Бу саволларга овоз чиқариб жавоб беринг, бироз фикр юритинг.

Меҳнат қилишга киришинг. Янги касбни танлаш ҳам — меҳнат. Биров бу ишни ўрнингизга бажармайди. Ҳатто шундай бўлган тақдирда ҳам, у сизга ёқиши амри маҳол. Олий ўқув юртини ўз қизиқишига эмас, ота-она истагига кўра танлаганлар билан боғлиқ вазиятни ёдга олинг. Янгиликнинг яхши томони шундаки, бу офисдаги машаққатли меҳнат эмас, қизиқарли тадқиқотдир.

Янги ишга молиявий ва ахлоқий жиҳатдан тайёрланинг. Янги касбга киришгунингизгача бўлган вақт учун "хавфсизлик ёстиғи"ни яратинг. Иш берувчи тажрибали ходимига нисбатан сизга ёш мутахассис сифатида камроқ иш ҳақи таклиф қилиш эҳтимоли мавжуд.

Фото: consejos

Фаолият йўналишини танлаймиз

Бунинг учун:

  • Шахс турини аниқлашга мўлжалланган тестлардан фойдаланинг. Масалан, MBTI ёки DISC. Улар сизни феъл-атворингизга яқинроқ бўлган касбларга йўналтириб, қандай позицияларда ўзингизни ноқулай ҳис қилишингизга оид маълумотларни тақдим этади.
  • Қандай иш билан шуғулланиш сизга ёқиши ҳақида ўйланг ва ёзинг. Махсус дафтар тутиб, икки ҳафта давомида унга турли машғулотлар вақтида ўзингиз кечирган ҳиссиётларингиз ҳақида ёзиб боринг. Нима учун  тонгги соат 5:00да туришга тайёр бўлар эдингиз? Бу даврда ҳар доимгидан фарқли иш қилишга уриниб кўринг: янги йўлдан юринг, одамлар билан танишинг, ноодатий хобби орттиринг.
  • Янги касблар ҳақида маълумотларни ўқинг. Ҳозир кўп йўналишларда автоматлашув, онлайн тизимга ўтиш ва рақамли маҳсулотларни ривожлантириш тенденцияси кузатилмоқда. Келажак мана шундай касбларнинг ортида, яқин 10-15 йилда улар талабгор бўлиши аниқ.
  • Янги касбда мавжуд кўникмаларингиздан қайсиларини қўллашингиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Эҳтимол, компанияни эмас, шунчаки бўлимни ўзгартириш керакдир. Ёки бўлмаса, касбингизни "апгрейд" қилиш имкони бордир. Масалан, кундалик ишлардан чарчаган HR-менежердан digital-маҳсулотчига айланиш ва дастурчилар жамоаси билан бир хилликдан халос қилувчи бот ишлаб чиқиш.
  • Ён-атрофингиздаги касбини ўзгартирган кишилар тарихига қизиқиб кўринг. Бу бировнинг тажрибасини кўчириш дегани эмас. Бироқ тадқиқот босқичида ҳар қандай имконият ортиқчалик қилмайди.
  • Эҳтимолий касблар вариантларидан иборат рўйхат тузинг.

Гипотезаларни текширамиз

Энди келтирилган касблардан қай бири сизга тўғри келиши мумкинлигини текширамиз. Бунинг учун карьера прототиплари услубидан фойдаланиш мумкин. Прототип — профессионал трансформацияларнинг минимал версияси. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак: ресторан бизнеси сизга тўғри келиши ёки келмаслигини тушуниш учун унга пул тикиб киришиш шарт эмас. Бу гипотезани текшириш учун кафега менежер бўлиб жойлашишнинг ўзи кифоя. Қуйидагилар бундай прототип бўлиши мумкин:

  • Компаниянинг бошқа бўлимида амалиёт ўташ. Раҳбар билан ҳафтасига бир неча марта бошқа бўлимда ишлаш имконини муҳокама қилинг.
  • Янги йўналишдаги мутахассислар билан мулоқот қилиш. Бу анжуманлардаги юзма-юз учрашувлар ёки Facebook'даги мутахассислар мулоқоти бўлиши мумкин. Улар билан касбга қандай кириб келгани, нима билан шуғулланиши ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилинг.
  • Ўқув курси. Масалан, «Нетология» интернет-касблар университетида digital-касбларга доир бепул ёки пулли курслар: янги кўникмалар, амалиёт, янги соҳа профессионаллари ва ҳамфикрлар жамоаси билан мулоқот қилиш. Бу касбга тез киришиш ва курс ҳамда амалиёт доирасида янги ишда ўзингизни синаб кўриш имкони. Бундай ёндашувда ўқув курсидан кейин тезда иш топиш мумкин бўлади.

Прототип мазмуни шундан иборатки, сиз янги соҳага кўп вақт ва куч сарфламайсиз, кичик қадамлар билан борасиз. Уддасидан чиқдингизми? Жуда яхши, давом этамиз. Бу "сизнинг соҳангиз" эмаслигини тушуниб етдингизми? Ҳечқиси йўқ, сизда камида янги кўникмалар ва гипотезалар рўйхати бор, кейингисига ўтамиз.

Фото: ra2ed

Ёқимли лайфхаклар

Жонга теккан ишни ҳар қанча ташлагингиз келса ҳам, шошилманг. Совуққон фикрлаш яхши ўйланмаган хатти-ҳаракатлардан сақлайди. Тажрибаларнинг кўрсатишича, касбни асосий ишдан узилмаган ҳолатда, аста-секинлик билан ўзгартириш мумкин.

  • Ўқув курсини ишни ташламаган ҳолатда ўташ мумкин.
  • Компания ичида йўналишни ўзгартириш имкони ҳақида унутманг.
  • Ўзингизни фрилансда синаб кўришингиз ёки қисман бандликка ўтишингиз мумкин.

Хулосалар

  • Ниманидир ўзгартириш кераклигини тушуниб етган бўлсангиз, ўзгартиринг, лекин олдиндан яхшилаб режа қилинг.
  • Ўзингиз ва хусусиятларингизни ўрганинг, бу ишни сизнинг ўрнингизга ҳеч ким бажармайди.
  • Бозорда мавжуд имкониятларни ўрганинг.
  • Энг қизиқ йўналишларни танланг, гипотезаларни синовдан ўтказиш ва прототипларни ишлаб чиқишни бошланг.
  • Кураш давомида ўрганинг ва янги кўникмаларни синаб кўринг.

Мавзуга оид