Олимжон Ҳикматов: “Эркин курашда бундан ҳам яхши бўлиши мумкин эди”
Индонезияда Осиё ўйинлари доирасидаги баҳслар давом этмоқда. Kun.uz мухбири эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Олимжон Ҳикматов билан суҳбат уюштирди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон эркин курашчиларининг Осиё ўйинларидаги иштироки ёмон бўлмади.
“Бундан ҳам яхши бўлиши мумкин эди. Битта олтин ва учта бронза медаль қўлга киритилди. Умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгалладик. Жами 6 нафар спортчи иштирок этди. Режамизда эса 1та олтин, 1та кумуш ва 1та бронза эди. Олтин медаль учун уч нафар курашчимизда имконият бор эди.
Эрон асосий рақибга айланди. Бишкекда жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида биринчи ўринни эгаллаб, эронликлардан ҳам ўтиб кетгандик. Эркин курашда ҳар бир вазн тоифаси бўйича жаҳон рейтинги бор. Унда Аббос Раҳмонов 2-ўринда, Магомед Ибрагимов 2-поғонада, Бекзод Абдураҳмонов ҳам бор. Балки, Эрондан ўтиб кета олмаганимизга аввал 10та, ҳозир эса 6та вазн тоифаси борлиги ҳам сабаб бўлгандир. Вазн тоифаларида қатор ўзгаришлар бўлди. Шуни айтиб ўтиш керакки, Эрон жаҳондаги энг кучли жамоалардан бири. Бу спорт. Ҳаммаси бўлиши мумкин. Уларда бу спорт тури билан кўпроқ шуғулланишади, бунга кўпроқ маблағ ажратишади, кураш биринчи ёки иккинчи рақамда. Ўшанда Осиё чемпионатида улардан ўтиб кетганимиз жуда яхши натижа бўлганди, ҳозир ҳам ёмон эмас.
Легионерларга келадиган бўлсак, бу фақат медаллар учун қилинади. Сабаби улар бизда шуғулланганида, бошқача нарса бўларди. Улар ўз уйида машғулотларни ўтказади. Ўзбек йигитларимиз иккита медални қўлга киритгани эса жуда яхши натижа бўлди. Легионерлар ҳам иккита бронзани олишди. Аммо, легионерларда ҳам Ўзбекистон фуқаролиги бор.
Ўзбекистонда эркин кураш спорт турининг ривожланиш даражасини ёмон деб бўлмайди. Сўнгги йилларда кўплаб совринли ўринлар, медаллар қўлга киритилди. Ривожланиш фақат олдинга қараб кетмоқда. Бу йил Осиё чемпионатида жамоавий ҳисобда биринчи ўрин қўлга киритилди. 10та тоифадан саккизтасида медаль олинди. Токиодаги Олимпиадага ҳам тайёргарлик кўрилмоқда. У ерда ҳеч бўлмаса 2та медалга ҳаракат қиламиз. Бир-икки вазн тоифасидаги спортчиларни ҳали кучайтиришимиз керак”, - дейди Ҳикматов.