Спорт | 16:08 / 23.08.2018
37813
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ОТЖ йирик ҳисобдаги ғалаба билан Осиё ўйинлари чорак финалига йўл олди

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси яна бир бор йирик ҳисобда ғалаба қозониб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Бу сафар Ҳонгконг олимпиячилари 3:0 ҳисобида таслим этилди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов
Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

27-дақиқада Ўзбекистон термасида бурчак зарбаси тепиш имкони туғилди. Рақиб жарима майдони марказига узатилган тўпни дарвозабон мушти билан уриб юборди. Чап қанотда тўпга биринчи бўлиб етиб келган Алибоев дастлаб икки ҳимоячини бироз чалғитишга уриниб, сўнг жарима майдони чизиғи яқинидан йўллаган чиройли зарбаси билан ҳисобни очди. Эслатиб ўтамиз, гуруҳ босқичидаги ҳар учала ўйинда ҳам биринчи гол Забиҳилло Ўринбоев томонидан киритилган эди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов
Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

60-дақиқада Машариповнинг зарбасидан сўнг дарвозабон қайтарган тўпни Ҳамдамов жарима майдони марказида бўш турган Сидиқовга аниқ узатди. Жавоҳирнинг тўпни тўхтатмасдан йўллаган зарбаси ҳонгконглик ҳимоячининг оёқлари орасидан ўтиб, дарвоза тўрига бориб тушди.

Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас Достон Ҳамдамов яна бир голга ассистентлик қилди. Бу сафар унинг бош билан узатган тўпини Ўринбоев ҳам боши билан дарвозага тўғрилаб қўйди – 3:0. Бу Забиҳиллонинг мусобақадаги тўртинчи голи бўлди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Шу тариқа, Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон олимпиячилари чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Навбатдаги рақиб номи бугун Тошкент вақти билан соат 17:30 да бошланадиган Эрон – Жанубий Корея баҳсидан сўнг маълум бўлади.

Осиё ўйинлари, нимчорак финал
ЎЗБЕКИСТОН ОТЖ – ҲОНГКОНГ ОТЖ – 3:0 (1:0)
Голлар
: Алибоев (27), Сидиқов (60), Ўринбоев (65)
Ўзбекистон: 1.Ботирали Эргашев, 2.Рустам Ашурматов, 20.Достон Турсунов, 4.Акром Комилов, 5.Аббос Отахонов, 7.Одилбек Ҳамробеков, 14.Икромжон Алибоев, 6.Жалолиддин Машарипов (11.Бобур Абдихолиқов, 71), 17.Достонбек Ҳамдамов, 10.Жавоҳир Сидиқов (16.Дониёр Назруллаев, 71), 9.Забиҳилло Ўринбоев (С, 19.Андрей Сидоров, 79).
Ҳонгконг: 1.Ҳо Чун Юн, 3.Уанг Кит Цуи, 4.Ҳок Минг Лау (С), 5.Васудева Дас Лиллей Нунез, 6.Чун Лок Тан, 8.Реми Дужардин (17.Ҳю Чунг Лау, 46), 9. Вай Кеюнг Чунг, 10. Ка Вай Лам (13.Ҳо Минг Ю, 72), 12.Чун Минг Ву, 15.Пуй Ҳонг Ю, 18.Жорж Таррес Парамо (14.Лонг Ҳин Це, 73). 
Огоҳлантириш: Жорж Таррес Парамо (45+1)
Четлатиш: Пуй Ҳонг Ю (43)
Бош ҳакам: Султон Абдулраззоқ Ал-Марзуқи (БАА)

 

Мавзуга оид