Ўзбекистон | 17:30 / 24.08.2018
29711
3 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов: «Тармоқ мактаблари тизимини жорий этамиз»

Фото: Халқаро пресс-клуб

Халқаро пресс-клубнинг Халқ таълими тизими фаолиятига бағишланган, «Мактаб таълими: ислоҳотларнинг янги босқичдаги муҳим ўзгаришлар ва муаммолар таҳлили» мавзусидаги сессиясида соҳа вакиллари, ота-оналар ва журналистлар иштирок этишди. Унда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов тизимдаги янгиликлардан бохабар этди.

«Ҳозирги кунда биз янги тармоқ мактаблари лойиҳаси бўйича иш олиб боряпмиз. Буни ҳаётий мисол кўринишида тушунтириб бераман: барча ота-оналар фарзандини обрўли, кучли педагоглар жамоасига эга мактабларда таълим олишини хоҳлаб ўша ерда ўқитишга интилишади. Талаб кўплиги туфайли нуфузли мактабларда ўқувчилар сони меъёр (бир синфда 35 та ўқувчи)дан ошиб кетади, таълим сифати пастроқ мактабларда эса ўқувчилар кескин камайиб, пропорционаллик бузилмоқда. Шу муаммони ҳал қилиш учун мактаб директорларига ўқувчилар сонини ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш қатъий талабини қўйдик. Ушбу вазифани бажара олмаган мактаблар ўша ҳудуддаги бошқа нуфузли мактаблар тасарруфига ўтади. Синов тариқасида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани мактабларида ушбу лойиҳани татбиқ қиламиз. Кутилган натижани берса, буни бутун республикага жорий этиш ниятидамиз», дея вазирнинг сўзларини келтирган «Kun.uz» мухбири.

Вазир соҳадаги бир қанча муаммоларни ҳам санаб ўтди. У учта  энг катта муаммони алоҳида таъкидлади: Биринчидан, талим сифатини ошириш масаласи. Бунда мактабларда ўқитиш тизими сифатини белгиловчи мактаблар рейтинги тузилади. Ҳар бир мактаб маъмурияти фақат сифат учун ишлай бошлайди. Иккинчидан, мактабларни молиялаштириш тизимини ишлаб чиқиш зарурати: умумтаълим муассасаларини керакли моддий-техник база билан таъминлаш учун молиявий манбани топиш муаммоси ҳал этилса, ҳозирги пайтда ота-оналар шикоят қилаётган «мактаб йиғимлари»га барҳам берилади. Учинчидан, кадрлар тақчиллиги: малакали ўқитувчилар жуда оз. ОТМларнинг педагогика йўналиши бўйича квоталарни белгилашда халқ таълими тизими талаби ўрганиб чиқилмаган.

Мавзуга оид