Автомобиль ойналарининг қорайтиришга рухсатнома бериш тартиби қандай?
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ички ишлар вазирлигининг “Енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш, уни рўйхатга олиш ва рухсатноманинг амал қилишини бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш, рўйхатга олиш ва унинг амал қилиш муддатини бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, рухсатномани бериш Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлинма (бўлим, бўлинма, пункт)лари (кейинги ўринларда -ДЙҲХХнинг ҳудудий бўлинмалари) томонидан амалга оширилади.
ДЙҲХХнинг ҳар бир ҳудудий бўлинмалари ўз ҳудудида рўйхатга олинган автотранспорт воситалари учун енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсат беришни амалга оширади.
Енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш) ишлари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Инновацион лойиҳалар ва аҳолига сервис хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК (кейинги ўринларда - иш бажарувчи) томонидан рухсатнома ва тасдиқланган Давлат стандартларига мувофиқ амалга оширилади.
Енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтириш) қуйидаги ёруғлик ўтказиш даражаси бўлишига рухсат берилади:
орқа ойнаси - 5 фоиздан кам бўлмаган;
орқа ён ойналари - 30 фоиздан кам бўлмаган;
ойналарни кўзгусимон тусда ўзгартиришга(қорайтиришга) рухсат этилмайди.
Енгил автотранспорт воситалари олд ойнасининг тепа қисми тусини эни 14 см.дан кўп бўлмаган ва ёруғлик ўтказувчанлиги 30 фоиздан кам бўлмаган полоса шаклида ўзгартириш(қорайтириш) учун рухсатнома талаб этилмайди. Енгил автотранспорт воситалари олд ойнасининг тепа қисми тусини эни 14 см.дан кўп бўлмаган ва ёруғлик ўтказувчанлиги 30 фоиздан кам бўлмаган полоса шаклида ўзгартириш(қорайтириш) қуйидагича амалга оширилиши мумкин:
енгил автотранспорт воситасининг эгаси томонидан мустақил равишда;
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Инновацион лойиҳалар ва аҳолига сервис хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК томонидан тасдиқланган нархлар асосида иш бажарувчи томонидан.
Енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш)га рухсатнома енгил автотранспорт воситаси эгасининг ДЙҲХХнинг ҳудудий бўлинмаларига белгиланган шаклга асосан берилган аризага мувофиқ тақдим қилинади.
ДЙҲХХнинг ҳудудий бўлинмаларига ариза мурожаат этувчи шахс томонидан шахсан топширилиши шарт.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова этилиши лозим:
енгил автотранспорт воситаси эгасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (жисмоний шахсларга-Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги паспорти, ҳарбий хизматчилар учун - ҳарбий қисм ёки ҳарбий муассасалар қўмондонлиги томонидан бериладиган шахсни тасдиқловчи ҳужжат ёки ҳарбий билет (ҳарбий хизматга мажбур фуқароларнинг ҳарбий билетлари бундан мустасно), чет эл фуқаролари учун – Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки ички ишлар органининг доимий ёки вақтинчалик прописка жойи тўғрисидаги белгиси қўйилган чет эл фуқаросининг миллий паспорти, фуқаролиги бўлмаган шахслар учун — фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ички ишлар органларининг доимий ёки вақтинчалик прописка жойи ҳақидаги белгиси қўйилган Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси);
енгил автотранспорт воситасининг тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжат, бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома ёки йўл варақасининг (юридик шахсларга) нусхалари;
енгил автотранспорт воситасининг мазкур шахсга тегишлилигини тасдиқловчи (техник паспорт, техник талон) рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусҳаси;
юридик шахсларга тегишли бўлган енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш)га рухсатномани олишга ишончнома ва ишончнома берилган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат;
тўлов қилинганлиги ҳақидаги банк ҳужжати:
а) енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш)га рухсат бериш учун белгиланган тўлов миқдори (Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ва юридик шахслари, Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган чет эл ваколатхоналари ва юридик шахслари);
б) Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Инновацион лойиҳалар ва аҳолига сервис хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК томонидан тасдиқланган нархлар асосида аввал ўрнатилган ва механик шикастланиш натижасида яроқсиз ҳолга келган туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнани ёки тусини ўзгартирувчи материални тиклашга иш бажарувчининг хизматлари учун.
Мурожаат этувчи шахсдан мазкур бандда кўзда тутилмаган ҳужжатларни талаб этишга йўл қўйилмайди.
Қуйидагиларга асосланган ҳолда рухсатнома берилмаслиги мумкин:
мурожаат этувчи шахс томонидан мазкур Низомнинг 9-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганида;
мурожаат этувчи шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги шубҳа туғдирганда ва аниқ бўлмаган маълумотлар мавжуд бўлганида;
автотранспорт воситасининг ойналарида тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун имкон бермайдиган техник шикастлар бўлганида.
Рухсатнома беришни бошқа асослар, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмаслиги сабаби билан рад этишга йўл қўйилмайди.
Рухсатномани қайта расмийлаштириш фақатгина қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
енгил автотранспорт воситасининг ҳисобга олиш маълумотларига ўзгартириш киритилганида (қайта жихозлаш, давлат рақам белгиси ва рўйхатга олиш гувоҳномаси ўзгартирилганда);
эгасининг маълумотларида ўзгариш бўлганида (жисмоний шахснинг фамилия, исми, шарифи ўзгарганида, юридик шахснинг турар жойи (почта манзили) ўзгарганида ёки номи қайта номланганида);
енгил автотранспорт воситалари ойналарини мазкур Низомнинг 5-бандида белгиланган туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойналарнинг ёруғлик ўтказувчанлик миқдори ўзгартирилганда.
Қайта расмийлаштириш эгасининг аризаси ва тақдим этган тасдиқловчи ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
Рухсатнома аввал берилган рухсатноманинг амал қилиш муддатининг қолган вақти учун қайта расмийлаштириб берилади.
Мавзуга оид
08:44 / 06.06.2022
Паррандачиликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими ўзгаради
09:01 / 08.04.2022
«Олима аёллар жамияти» нималар билан шуғулланиши маълум бўлди
07:51 / 26.03.2022
2021 йилда қурилишдаги бахтсиз ҳодисалар оқибатида 84 нафар ишчи ҳалок бўлган
07:28 / 09.03.2022