Жамият | 11:55 / 29.08.2018
8904
2 дақиқада ўқилади

Диплом сотмоқчи бўлган коллеж ходими қўлга олинди

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси тақдим этган маълумотга кўра, шу йилнинг 27 июль куни фуқаро Х.Г. Сурхондарё вилояти ИИБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлимига ариза билан мурожаат қилган.

Унда фуқаро Сариосиё тумани педагогика касб-ҳунар коллежида ишловчи Р.Ж., у мазкур коллежда ўқимаган бўлса-да, 500 АҚШ доллари эвазига коллеж дипломини расмийлаштириб беришини таклиф қилганлигини маълум қилган.

Мазкур аризага асосан, шу куни Сурхондарё вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Сариосиё тумани педагогика касб-ҳунар коллежида ишловчи Р.Ж. коллеж биносида фуқаро Х.Г.дан 500 АҚШ доллари ҳисобидан 3 млн 900 минг сўм миқдоридаги пулларни олган вақтида ушланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Сариосиё тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид