Ўзбекистон | 09:30 / 29.08.2018
44005
2 дақиқада ўқилади

GM Uzbekistan Nexia ва Malibu ишлаб чиқариш ҳажмини деярли 10 баробарга оширмоқда

Фото: KUN.UZ

GM Uzbekistan АЖ томонидан ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси қайта бошланганлиги ва харидорлар томонидан келиб тушаётган мурожаатларни инобатга олган ҳолда, компания томонидан Ўзбекистон Республикаси бозоридаги харидорлар талабларини қондириш мақсадида, талаб юқори бўлган автомобиллар моделларини ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишнинг тез мослашувчан механизмини жорий қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда компания хабарида айтилади.

Хусусан, “Женерал Моторс Ўзбекистон” АЖ томонидан механик узатмали “Нексия” автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажмлари август ойидан бошлаб 3 501 донага, сентябрь ойида эса 4 143 донагача оширилди, йил охиригача эса ушбу моделнинг ишлаб чиқариш ҳажмлари 34 804 донагача етказилади.

Шунингдек, “Малибу” автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажмлари ойига 240 донадан 2 200 донага ошириш режалаштирилган.

Фото: GM Uzbekistan

Компания мижозлар томонидан таклифлар ва талабларни инобатга олган ҳолда, бошқа русумдаги автомобилларнинг ишлаб чиқариш ҳажмларини ҳам яқин ойларда ошириш учун барча имкониятларни жалб қилмоқда. 

“Мижозлар учун қулайликлар яратиш, шаффофликни таъминлашга қаратилган ва кундалик равишда янгиланиб бориладиган онлайн равишда шартнома тузиш тизими асосидаги барча аризалар максимал даражада тез кўриб чиқилади. Ҳар бир мижозни «Женерал Моторс Ўзбекистон» АЖ веб-сайтида кундалик равишда эълон қилинаётган шартномалар рўйхати билан танишиб бориш ва дилерлик корхоналарига шартнома тузиш учун ташриф буюришларига чорлаб қоламиз”, - дейилади хабарда.

Дилерлик ташкилотларида ноқонуний хатти-ҳаракатлар ва мижозлардан товламачилик орқали қўшимча пул маблағларини талаб қилиш каби ҳолатлар пайдо бўлса, Call-марказга (141-77-77) дарҳол мурожаат қилиш сўралган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ GM Uzbekistan энди электрон навбат бўйича шартномага қўйилган автомобиллар рўйхатини тақдим этиши хабар қилинганди. 

Мавзуга оид