Жамият | 16:20 / 01.09.2018
33213
7 дақиқада ўқилади

Фуқаролар томонидан пора таклиф қилиш ҳолатлари нега кўпайиб бормоқда?

Фото: KUN.UZ

Қашқадарё вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан 2018 йилнинг 26 август куни Қарши шаҳар, И.Каримов кўчасидаги “Ерқўрғон” бозори рўпарасида рейд тадбири ўтказилди. Мазкур тадбир вақтида давлат рақам белгиси бўлмаган “Нексия” русумли автомашина пиёдаларга йўл бермай ҳаракатланиб келаётганлиги учун ЙПХ ходими сержант Ж.Авлаев томонидан тўхтатилади. Ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмоқчи бўлганида автомашина ҳайдовчиси фуқаро Ф.Хамидов маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва автомашинани жарима майдонига олиб бормаслик учун бир оклад миқдорда 180-200 минг сўм миқдорида пора беришини таклиф қилаётганлигини билдириб, унга нисбатан қонуний чора қўришни сўраган. Бу ҳақда Kun.uz’га Қашқадарё вилоят ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.

2018 йилнинг 27 август куни соат 21:00 ларда капитан В.Хусановнинг билдиргиси асосида вилоят прокуратураси ҳамда вилоят ИИБ ЎХБ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Ф.Хамидов ўзига тегишли бўлган “Нексия” русумли давлат рақамсиз автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига 200.000 сўм пулларни вилоят ИИБ ЙҲБ АЙПХБ 1-отряд ЙПХ маъмурий биносида капитан В.Хусановга пора тариқасида берган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Б.Рахмоновга нисбатан 27.08.2018 йилда Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан 10401-2/2018-329-сонли жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, бу сўнгги кунларда ички ишлар органлари ходимига пора таклиф билан боғлиқ ягона ҳолат эмас.

Хусусан, аввалроқ Хоразм вилоятида пора олаётганида қўлга тушган шахс ИИВ ходимига ҳам пора беришга уринганди. Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги Тиббий бирлашма бўлими бошлиғи Қ.Х ўз ходимидан пора олиш ва ИИБ ходимига пора бериш жиноятларини содир қилгани учун қўлга олинган.

Шу йилнинг июлида Қ.Х ўз хизмат мавқесидан фойдаланган ҳолда, қўл остидаги ходими, ҳамшира Ш.Б.дан 50 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда ушланган эди. Шундан сўнг, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 214-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши очилган. Бироқ, у ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи А.Рўзимовга мурожаат қилиб, агар жиноят ишини ўзининг фойдасига ҳал қилиб берса, унга таклиф қилинган 50 АҚШ долларини 10 баробари миқдорида пул беришини билдиради. Шундан сўнг, пора беришга уринган порахўр шу куни таклиф қилган пулининг 400 АҚШ долларлик қисмини бўлинма бошлиғига бераётганида жиноят устида қўлга олинади.

Бундан ташқари, жорий йилнинг июль ойида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходими К.Р. раҳбарият номига билдирги билан мурожаат қилиб, унда фуқаро Р.А. қонунга хилоф эканлигини била туриб, жавобгарликдан қутулиш мақсадида ўзига нисбатан тўпланган маъмурий ҳужжатларни рўйхатга олмаслик ва “Tiko” русумли автотранспорт воситасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига пора таклиф қилаётганлигини маълум қилган. Ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаро Р.А. ходимга 195000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, фуқаро Б.А. ҳам унга нисбатан тўпланган маъмурий ҳужжатлар юзасидан ўзига қонунга хилоф равишда енгиллик яратиш ва “Spark” русумли автотранспорт воситасини жарима майдонидан чиқартириб бериш эвазига Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходими Д.Л.га 500000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Юқоридаги мисоллардан кўриш мумкинки, аксарият ҳолатларда фуқароларнинг ўзи пора беришга уриниб, жиноят содир этишмоқда. Улар ўзлари билиб ёки билмаган ҳолда, рўй берган қонунбузарлик ҳолатидан тезроқ қутулиб чиқиш илинжида шундай қадамга бораётган бўлишлари мумкин.

Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳам порахўрлик ва тамагирлик каби салбий иллатларга қарши курашиш борасида бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. «Ички ишлар вазирлиги келгусида ҳам фуқаролар томонидан ходимларга қонунга хилоф эканлигини била туриб, пора таклиф қилинган ҳар бир ҳолатга нисбатан қонунда белгиланган тартибда муросасиз кураш олиб боради», - дея баёнот билан чиққанди ИИВ.

2017 йилда мансабдор шахсларга пора бериш билан боғлиқ 1,7 мингдан ортиқ жиноят иши бўйича суд ҳукми ўқилган. Натижада 2,5 минг нафарга яқин шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Пора бериш жиноят ҳисобланиб, бу қилмишни содир этганлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Жумладан, пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш - энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пора бериш такроран, хавфли рецидивист ёки илгари пора олиш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахс томонидан амалга оширилса ва кўп миқдорда содир этилган бўлса - беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пора бериш жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса - ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади.

Мавзуга оид