Жамият | 14:58 / 01.09.2018
33339
2 дақиқада ўқилади

Навоийшунос олима, Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниева вафот этди

Ўзбекистон Қаҳрамони, навоийшунос олима Суйима Ғаниева 86 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Суйима Ғаниева 1932 йил Тошкентда туғилган. Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг Шарқ факультетида таълим олган. 1956 йилдан ЎзФА Тил ва адабиёт институтида, Тошкент Давлат консерваториясида, 1993 йилдан Тошкент Давлат шарқшунослик институтида ишлаб келган. 

Олима адабиётшунослик, матншунослик ва таржимачилик соҳасида яратилгаи 20та китоб ва рисолалар, 300дан ортиқ мақола ва тақризлар муаллифи ҳисобланади.

Суйима Ғаниева Алишер Навоий асарларини нашрга тайёрлаган. Олима «Мажолис ун-нафоис»нинг илмий-танқидий матнини чоп эттиргач, «Навоий дастхати» китобини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этган. Алишер Навоий мукаммал асарлар тўплами (20 томлик)да у «Мажолис ун-нафоис», «Маҳбуб ул-қулуб», «Муншаот», «Вақфия», «Ҳамсат ул-мутаҳаййирин», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», «Назм ул-жавохир», «Муҳокамат ул-луғатайн» каби асарларни изоҳ ва таржималар билан нашрга тайёрланган.

Навоийнинг насрий меросини ўрганиш - Суйима Ғаниева илмий фаолиятининг энг салмоқли, энг намунали қисмини ташкил этган.

1999 йилда Суйима Ғаниева «Эл-юрт хизмати» ордени, 2008 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган. Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон қаҳрамони эди.

Суйима Ғаниева бугун, 1 сентябрь куни «Чиғатой» қабристонида дафн этилади.

Kun.uz таҳририяти марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этади.

Мавзуга оид