Иштихонда фермернинг ери тортиб олинди: энди эса қаровсиз пахта эгатлари орасида мош ўсмоқда
Иштихон туманидан «Қувончбек Қўчқоров даласи» фермер хўжалигини эр-хотин Алишер Бобоев ва Наргиза Қиличева 2017 йил январда ташкил қилишади. Хўжаликка Н.Қиличева раис этиб тайинланган. Уларга пахта ва ғалла экиш учун 24,44 га сувли ер ажратиб берилади. Фермер хўжалиги «Митан истиқлоли» муқобил машина-трактор парки (раиси Актам Раббимов) ҳудудига бирлаштирилади.
А.Бобоевнинг бизга ҳикоя қилиб беришича, 2018 йилнинг апрель ойида А.Раббимов бошчилик, орасида ички ишлар органи ходимлари ҳам бўлган гуруҳ келиб, бир неча бор дўқ-пўписа билан қўрқитиб, фермер хўжалигининг ерини улардан 24 апрель куни ариза ёздириб, тортиб олинган. Бунга сабаб қилиб, чигитни белгиланганидан кеч қадаётгани келтирилган. Аризанинг бланкасига эътибор беринг: Иштихонда ерни тортиб олишга мўлжалланган махсус мана шундай ариза бланкалари тайёр қилиб қўйилган экан.
А.Бобоев эса чигитни ерни суғориб экишга қарор қилганини айтади. Акс ҳолда, чигит яхши униб чиқмаслигини у билар эди.
Хуллас, пахта майдони ҳали экилмасдан туриб улардан тортиб олингач, туман захира ерлари ҳисобига қайтарилган ва бу туман ҳокимининг 14 июндаги қарорида кўрсатиб ўтилган. Бироқ савол туғилади: Н.Қиличева томонидан экилган ғалла ҳосили учун ким жавоб беради? Чунки режа 50 фоиз атрофида уддаланган. Зарарларни ким тўлайди?!
А.Бобоевнинг айтишича, аслида, ерга бугунги кунда А.Раббимов эгалик қилмоқда, ғалла йиғим-теримида ҳам уларни яқинлаштирмаган ва ғалладан бўшаган жойларни айнан у фуқароларга иккинчи экин экиш учун бўлиб сотиб юборган.
Шу куни Иштихонда биз А.Раббимов билан учрашиш, унга керакли саволларни бериб, жавоб олишнинг мутлақо уддасидан чиқа олмадик.
Фермер хўжалиги жойлашган ҳудуд — «Ҳонақа» МФЙ раиси Хадича Қаландаровадан интервью олдик. Х.Қаландарова ҳам фермерларнинг ўтган мавсумдаги ишлари жойида бўлганини тасдиқлаб, бу йил ернинг тортиб олинганидан хабари йўқлигини айтиб ўтди.
Туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Баҳодир Байитовдан ушбу вазиятга изоҳ сўрадик.
Аввалига Б.Байитов фермерларни дангасаликда айблади, «умуман ишламайди», деди.
«Ўтган йили улар пахта ва ғалла тайёрлаш режасини ортиғи билан бажарган экан-ку?» деганимиздан сўнг «бажаролгани йўқ», деди. Бироздан сўнг статистика жадвалини кўтариб келиб, «ростдан ҳам бажарган экан», деди.
«Хўп, фермерга ариза ёздирилган экан, ерни унинг ҳисобидан чиқариш ҳақида ҳокимлик қарори борми?», деб сўраганимиздан сўнг узоқ изланиб, Иштихон туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 29 майдаги хулосаси ҳамда туман ҳокимининг 14 июндаги қарорини топиб беришди.
Алишер Бобоев бу қарор шу кунгача унга бермасдан келинаётганини айтиб ўтган эди.
«Қувончбек Қўчқоров даласи» фермер хўжалигининг муаммолари ўзи нимадан бошлангани ҳам қизиқ.
А.Бобоевнинг айтишича «Митан истиқлоли» ММТП раиси А.Раббимов унинг розилигисиз 2017 йилнинг 14 декабрида уларнинг ҳисоб-рақамидан 2 миллион сўм маблағни ҳеч қандай тўлов топшириқномасидаги имзо ва муҳрсиз бошқа фермернинг ҳисоб-рақамига кўчиртириб юборган.
— Ҳақиқатан ҳам «Қувончбек Қўчқоров даласи» фермер хўжалиги банкимиз мижози ҳисобланади, — дейди «Агробанк» Иштихон тумани филиали бошқарувчиси Шерзод Ибрагимов. — Ушбу фермер хўжалиги ҳисоб-рақамидан техника хизматлари учун 2 миллион сўм бошқа фермер хўжалиги ҳисоб-рақамига ўтказилганлиги рост. Биз туман қишлоқ хўжалик бўлимида фермерларга хизмат кўрсатиш учун алоҳида марказ қилиб берганмиз. Ўша ердан бу маблағ «Митан истиқлоли» ММТП раиси кафолат сўзи билан, фермер хўжалиги раисининг розилигисиз ўтказилган. Бироқ ҳанузгача ҳужжатлаштирилмаган. Бу албатта, мумкин эмас. Биз ушбу муаммони бартараф этиш учун барча чораларни кўрамиз.
Гувоҳи бўлганингиздек, бу ерда қонун бузилиш ҳолатига йўл қўйилган. Яъни, ҳисоб-рақами эгасининг розилигисиз, муҳр ва имзосисиз пул маблағи бошқа фермер хўжалиги ҳисоб-рақамига ўтказилган. Наҳотки, ММТП раисининг бир оғиз сўзи белгиланган тартиб ва қоидалардан устун турса?
Мурожаатчи ушбу пулнинг ўз ҳисоб-рақамига қайтарилиши, бунга йўл қўйган масъулларга қонуний чора кўрилишини талаб қилмоқда.
Бу — туман прокурори секторида бўлаётган воқеа. Бинойидек ишлаб турган фермернинг даласи тортиб олинса, у эккан ғалла бошқалар томонидан талон-тарож қилинса ва режа уддаланмаса, кўрилган зарарини қоплаш яна бунинг зиммасида бўлса? Бу қандай бедодлик ахир?!
Далаларда униб чиққан пахтани кўриб кишининг дили оғрийди. Кўнгилдагидек суғорилмасдан қолган. Бирор марта кетмон тегмаганлиги, чопиқ қилинмаганлиги билиниб турибди. Пахта даласига МОШ экиб юборилган.
Бундай хўжасизлик учун Иштихон туманида ким жавоб беради? Машина-трактор парки раисларининг фермерлар ишига бу қадар аралашишига, уларнинг маблағларини тасарруф этишга, улардан ерни тортиб олишига ваколати борми?
Эътибор қилинг: фермер ўзи ишлаб топган пулнинг бошқалар томонидан тасарруф этилишига қарши исён қиляпти ва алал-оқибатда, ҳарчанд касбининг устаси бўлмасин, унинг ери тортиб олиниб, ўз ҳолига ташлаб қўйилаяпти!
Тумандаги мутасадди раҳбарлар бўлаётган воқеалардан наҳотки бехабар бўлса? А.Бобоев ва Н.Қиличеванинг «Халқ қабулхонаси», прокуратура органларига ёзган мурожаатлари мутлақо эътиборсиз қолдириб келинмоқда. Улар ўйлай-ўйлай, ўзларини қийнаётган муаммони матбуотга олиб чиқишга қарор қилишган.
Кундек равшанки, мазкур масалада фермер хўжалиги эгалари ҳақ. Иштихондаги раҳбарлар — ноҳақ. Фермерлар ҳали ҳам ерини қайтиб олишдан умидвор. Улар оиласи билан шу ерга қалб қўрини бериб, ишлашни, даромад кўришни исташади. Ерни эгасига эмас, «эга»сига топширишни маъқул билувчи иштихонлик раҳбарлар эса исташмайди шекилли.
Ш.Шокиржонов, Ғ.Абдусаломов.
Мавзуга оид
16:04 / 01.11.2024
Боёвут ҳокими Дилфуза Уралова фермерни ҳақоратлаб, ИИБга уни қамаб қўйишни буюрди
10:38 / 13.10.2024
Фарғонада кредит ажратиш эвазига фермердан пул олган банк филиали менежери аниқланди
13:41 / 02.10.2024
Деҳқоннинг “уйи куйди”: Кегейлида 14 гектар пишай деб турган шоли даласи бузиб ташланди
19:46 / 30.09.2024