Ўзбекистон | 07:54 / 06.09.2018
75366
3 дақиқада ўқилади

Президент халқ таълими тизимидаги муаммолар ва камчиликларни маълум қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, халқ таълими тизимини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришнинг энг муҳим шарти ҳисобланади, шунингдек, ўқув-тарбия жараёнида таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини қўллашга кўмаклашади.

Шу билан бирга, ушбу соҳадаги ишлар ҳолатини танқидий таҳлил қилиш халқ таълими тизими бошқарувини ташкил этиш, давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг фаолиятини амалий жиҳатдан мувофиқлаштириш, уларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш бўйича тадбирларни молиялаштиришда бир қатор муаммолар ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Жумладан:

биринчидан, жойларда умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, умумтаълим муассасалари раҳбарларини танлаш ва жой-жойига қўйиш масалаларини ҳал этиш, идоравий мансуб ташкилотларнинг мулкидан самарали фойдаланишда халқ таълими бошқарув органлари ролининг етарли даражада эмаслиги;

иккинчидан, умумтаълим муассасалари раҳбарлари зиммасига уларга хос бўлмаган вазифалар ва функцияларни юклаш, муассаса директори ва унинг ўринбосарлари ўртасида ваколатларнинг аниқ тақсимланмаганлиги, улар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг аниқ мезонлари ва параметрлари мавжуд эмаслиги;

учинчидан, умумий ўрта таълимнинг долзарб масалалари ва уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича чуқур илмий тадқиқотларнинг мавжуд эмаслиги, ўқув-тарбия жараёнини услубий таъминлаш масалаларида халқ таълими бўлимлари ва умумтаълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик даражасининг пастлиги;

тўртинчидан, раҳбарлар, ўқитувчилар ва умумтаълим муассасалари бошқа ходимларининг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашувдан ҳимоя қилиш механизмларининг самарасизлиги, назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан мактабларни текшириш ҳаддан зиёд кўпайиб кетганлиги;

бешинчидан, таълим сифатини таъминлаш, ўқитувчиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини ошириш масалаларида умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик даражасининг етарли даражада эмаслиги, ўқув-тарбия жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратининг мавжуд эмаслиги;

олтинчидан, халқ таълими тизими муассасаларини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш механизмининг мукаммал эмаслиги, уларнинг фаолиятига замонавий меъморий ечимлар, инновацион ишланмаларни ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражасининг пастлиги.

Мавзуга оид