Спорт | 09:50 / 07.09.2018
23570
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон кўпкари терма жамоаси Қозоғистонни турнирдан чиқариб юборди

Фото: kaktus.media

Қирғизистонда бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларида улоқ кўпкари баҳсларида Ўзбекистон кўпкари бўйича миллий терма жамоаси муваффақиятли иштирокини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон кўпкари жамоаси 6 сентябрь куни турнирнинг асосий фаворити Қозоғистон кўпкари терма жамоаси билан баҳс ўтказиб, 5:4 ҳисобида ғалабага эришди.

Энди ўзбекистонлик улоқчилар финалда Қирғизистон терма жамоасига қарши кураш олиб боради. Мезбонлар ярим финалда Россия номидан қатнашаётган Москва вилояти термаси устидан 25:3 ҳисобида ғалабага эришган.

Қайд этиш керакки, Қозоғистон амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланарди, Ўзбекистон жамоаси эса шу вақтгача ҳеч бир халқаро турнирда финал босқичига йўл олмаганди. Қозоғистон энди россияликлар билан учинчи ўрин учун баҳс олиб боради.

Қозоғистон термаси бир кунда икки баҳс ўтказиб ярим финалга чиққанди. Дастлаб Россия номидан қатнашаётган бошқа бир жамоа, красноярскликлар жамоаси 15:3 ҳисобида, кейин эса АҚШ вакиллари 20:9 ҳисобида мағлуб этилганди.

Ўзбекистон кўпкари жамоаси 3 сентябрь куни Бошқирдистон Республикаси вакилларини 20:2 ҳисобида, 5 сентябрь Франция жамоасини 19:6 ҳисобида мағлуб этган ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритганди.

Кўпкари бўйича мусобақанинг соврин жамғармаси 6 миллион 200 минг сомни ташкил этади.

Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларида мезбонлар яққол етакчилик қилишмоқда. Қирғизистон бугунга келиб 30 олтин, 25 кумуш ва 23 бронза жамғарган. Иккинчи ўринда 16 олтин, 9 кумуш ва 18 бронза билан Россия, учинчи ўринда эса 11 олтин, 17 кумуш ва 21 бронза билан Қозоғистон жойлашган.

Мавзуга оид