Light | 18:12 / 08.09.2018
7797
5 дақиқада ўқилади

IKEA ўз дизайнини турли мамлакатларга қандай мослаштирмоқда?

Ўтган ҳафтада IKEA Ҳиндистонда ўзининг илк дўконини очди. Унинг ассортименти одатдагидан бироз фарқ қилади. Аслида, бу компания учун одатий амалиёт: баъзи мамлакатларда у товар ва дўконлар дизайнини ўзгартиради. Мақсад – аудитория талабларига жавоб бериш.

Фото: IKEA 

IKEA дўконлари ассортиментининг катта қисми турли мамлакатларда ўзгаришсиз қолади. Маҳаллий ҳаёт тарзини инобатга олган ҳолда, кичик деталларгина ўзгаради. Компания ўз вакилларини маҳаллий уйларни ўрганиш ва аҳоли билан мулоқот учун юборади. Вакиллар эҳтиёжни ўрганади.

Бутун дунёдаги IKEA дўконларида қандай ўзгаришларни учратиш мумкин?

Ҳиндистонда иссиқ ҳаво ва намликка чидамли мебель сотилади

Қайта ишланмаган қарағайдан ишланган мебель Жанубий Ҳиндистоннинг иссиқ ва нам иқлимида узоқ хизмат қилмайди. Ҳинд бозори учун компания бошқа материаллардан фойдаланишига тўғри келди. Бундан ташқари, Ҳиндистонда тозалашда сувдан кўп миқдорда фойдаланилади. Шунинг учун дизайнерлар мебелни намликдан ҳимоя қилиш мақсадида қўшимча тиргаклар қўйишди.

Фото: IKEA 

Ҳиндистондаги IKEA дўконларида йиғма стуллар ва табуретлардан кўп фойдаланилади. Чунки бу мамлакатда кўпчиликдан иборат оила аъзолари тез-тез йиғилиб турадилар.

Хитойда балконлар шоу-румлари бор

Хитойдаги IKEA дўконларида балконларни жиҳозлашга бағишланган бўлим бор. Хитойда балконлар жуда машҳур. Мамлакатнинг жанубий қисмида уйнинг бу қисмида кийимлар қуритилади, шимолида эса озиқ-овқат учун қўшимча сақлаш жойи сифатида фойдаланадилар. Хитойнинг турли қисмларида  жойлашган дўконларда ушбу ўзига хосликни кузатиш мумкин.

Фото: IKEA 

Кореяда кичик хонадонлар учун каравотлар сотилади

Турли мамлакатлардаги ётоқхона ва каравотлар тўғрисидаги тушунчалар ҳар-хил. Масалан, америкаликларда каравот ва матрасларнинг ўз стандарти бор.IKEA Америка бозорига кираётганида хатога йўл қўйди. Бу ерда ишлатиладиган  king ва queen size ўрнига ўлчамни сантиметрда берди. Хато зудлик билан тўғриланди. Хитой бозорига киришда ҳам компания шунга ўхшаш вазиятга дуч келган: Гонконгга стандарт ўлчамдаги каравотларни олиб келган, бироқ у ерда кичикроғи талаб этиларди. Кейинчалик IKEA у ерда маҳаллий ўлчамларни йўлга қўйди.

IKEA’нинг Ҳиндистондаги шоу-румларида ётоқхоналарда катталар ётоғи ёнида болалар каравоти турганини кўриш мумкин. Бу анъаналар билан боғлиқ.

2014 йилда IKEA дўконларини Жанубий Кореяда очишидан аввал компания маҳаллий аҳоли билан уларнинг уйларида 900 та сўровнома ва учрашувлар ўтказди. Натижада Корея ётоқхоналари ўлчамларини ҳисобга олиб, IKEA кичрайтирилган ўлчамдаги каравотлар тайёрлади.

Фото: IKEA 

IKEA  ресторани менюси ҳам ўзгармоқда

IKEA’нинг Ҳайдарободдаги ресторанида менюда машҳур швед фрикаделькалари қолдирилди. Бироқ у ерда вегетарианча шакли сотилади. Шу билан бирга, маҳаллий ошхона таомлари самоса, бирьяни ва машҳур десерт гулаб, жамунни ҳам учратиш мумкин. Жанубий Кореяда эса менюда кимчи бибимбап ва корейс барбекюсини татиб кўриш имконияти бор.

Ҳиндистонда IKEA ресторани майдони бошқа мамлакатлардагига қараганда каттароқ. Унга минг киши жойлашади. Ҳиндлар бу ерга оила билан ташриф буюришлари ҳисобга олинган.

Фото: IKEA 

Америкада сув учун стакан – гулдон ўлчамига тенг

IKEA Ҳиндистондаги ошхона мебеллари баландлигини маҳаллий аёллар бўйига мослаб, қисқартирган. Яна ҳинд дўконларида тўпламида пичоқ мавжуд бўлган болалар идиш-товоқлари йўқ. Гап шундаки, ҳиндлар пичоққа қараганда кўпроқ қошиқдан фойдаланишади. Шунинг учун IKEA бу мамлакатда тўртта қошиқдан иборат тўпламни сотади.

Фото: IKEA 

Хитойда компания гуруч қайнатгич ва таёқчаларнинг кенг ассортиментини таклиф этади. Хитойдаги шоу-румларда ошхона мебели жуда ихчам. Чунки Хитойда ошхоналар майдони одатда кичик.

IKEA ўз маҳсулотлари дизайнини Америка аудиториясига мослаб ўзгартирган. 1990-йилларда компания Америка бозорига кираётганида гулдонларга бўлган катта талабни сезди. Маълум бўлишича, америкаликлар гулдонлардан сув ичиш мақсадида харид қилишар экан. Чунки стандарт швед стаканлари улар учун жуда кичкина.

Мавзуга оид