Жаҳон | 23:04 / 15.09.2018
20324
2 дақиқада ўқилади

Олимлар «Флоренс» довулининг пайдо бўлишида одамларни айблашди

Фото: Euronews

Нью-Йорк штати университети олимлари «Флоренс» довули атмосферага чиқарилаётган парник газларининг антропоген ажратмалари оқибатида иқлимнинг ўзгариши сабабли ўта кучли довулга айланганини билдиришди. Бу ҳақда Science News нашри ёзмоқда.

Тадқиқотчилар довул кучи ва ёғингарчилик миқдорини океан ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси мониторинг тизими ёрдамида олинган реал атмосфера шароити ва океан юзаси ҳарорати асосида тахмин қилишди.

Олимлар шунингдек, инсонлар фаолияти оқибатида юзага келган иқлимий ўзгаришлар бўлмаган тақдирда довулнинг кучи қандай бўлиши мумкинлигини ҳам аниқлашди.

Маълум бўлишича, глобал исиш туфайли «Флоренс» билан боғлиқ экстремал ёғингарчиликлар миқдори 50 фоизга ошган. Бундан ташқари, довулнинг талафот келтириш даражаси энг юқори тоифада сақланиб туриши ҳам узоқроқ давом этади, унинг қуруқлик устидаги диаметри эса 80 километрга кенгайган.

Шу йилнинг июлида АҚШдаги Дартмут коллежи олимлари АҚШда 1996 йилдан буён кузатилаётган экстремал ёғингарчиликлар сабабини аниқлашди. Уларнинг маълум қилишича, кучли жала ва қор ёғишига Атлантика океани ўртача ҳароратининг кўтарилиши сабаб бўлаётган экан.

Мавзуга оид