Жаҳон | 22:42 / 20.09.2018
5685
2 дақиқада ўқилади

Amazon кассир ва сотувчилари бўлмаган 3 мингта дўкон очмоқчи

Фото: flickr.com/Ian Withnall

Дунёдаги энг йирик интернет-ретейлер Amazon 2021 йилгача 3 мингтага яқин дўкон ва фастфуд нуқталарини очмоқчи. Уларда кассир ва сотувчилар бўлмайди, харид эса смартфон учун дастур ёрдамида амалга оширилади.  

АҚШда бундай Amazon Go дўконларидан бир нечтаси фаолият юритмоқда. Узоқ давом этган синовлардан кейин улардан биринчиси Сиэтлда, кейинроқ шу шаҳарда яна иккита ва Чикагода битта шундай дўкон очилган. Бироқ улардан фақат иккитасида маҳсулотлар сотилади, қолган иккитасида фақатгина сэндвич, салат ва газаклар таклиф қилинади. 

Дўконга кириш учун смартфонда дастурга эга бўлиш ва уни махсус ўқиш қурилмаси олдига олиб бориш керак. Харидлар пештахталарда ўрнатилган сканерлар ёрдамида назорат қилинади. Маҳсулотни жойига қўйиб, ундан воз кечиш мумкин. Харид учун пул эса дўкондан чиқиш вақтида ҳисоб рақамдан ечиб олинади.  

Яқин келажакда бундай тармоқнинг очилиши ҳақидаги янгилик АҚШнинг энг йирик савдо тармоқлари акциялари нархи тушишига сабаб бўлган: Walmart акциялари 0,6 фоизга, Target’ники 1,5 фоизга, Kroger’ники эса 3,1 фоизга арзонлаб кетган.

Жорий ёзда Bloomberg нашри Amazon эгаси ва асосчиси Жефф Безосни тарихдаги энг бадавлат инсон деб атаган. Унинг бойлиги 150 млрд доллардан ошиб кетган. Унга қарашли компания капиталлашуви эса триллион доллардан ошган.

Мавзуга оид