Спорт | 17:09 / 21.09.2018
64927
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон илк марта Осиё ўйинларига мезбонлик қилиши мумкин

Ўзбекистон йирик спорт турнирларига мезбонлик қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бугун, 21 сентябрь куни Осиё ўйинлари совриндорларини тақдирлаш маросимида қатнашган Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов маълум қилган.

«Kun.uz» мухбирининг хабар беришича, ҳукумат раҳбари тадбир якунида сўзга чиқиб, 20 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев томонидан шу тўғрисида топшириқ бўлганини айтган.

«Кеча, муҳтарам Шавкат Миромонович спорт мутасаддилари ва ҳукумат раҳбарлари билан ўтказилган йиғилишда келгусида йирик спорт кластери қуришга тайёргарлик кўриш ва бу кластер бизга жаҳон даражасидаги энг жиддий мусобақаларни ўтказиш имконини бериши кераклиги тўғрисида вазифа топширди», - дея маълум қилган Абдулла Арипов.

«Келгусида турли спорт турлари бўйича Осиё ва жаҳон чемпионатларини ўтказиш, шунингдек вақти келиб Осиё ўйинлари мезбонлиги учун курашиш бўйича топшириқ олганмиз», - дея қўшимча қилган Ўзбекистон бош вазири.

20 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказиб, унда соҳани янада ривожлантириш бўйича истиқболдаги муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ташкил этилаётган олимпия тайёргарлиги марказларини 2020 йилга қадар фойдаланишга топшириш бўйича кўрсатмалар берган.

Шунингдек, Ўзбекистонда спортни оммалаштириш бўйича беш йиллик миллий концепция ишлаб чиқиш зарурлиги ҳам таъкидланган.

Маълумот учун, Ўзбекистон шу вақтгача ёзги Осиё ўйинларга ҳам, қишки Осиё ўйинларига ҳам мезбон бўлмаган.

Мавзуга оид