Жамият | 23:20 / 26.09.2018
24575
6 дақиқада ўқилади

Поездда Тошкент - Андижон сафари. Иккинчи саёҳат

Ёдингизда бўлса, шу ой бошида Андижон-Тошкент йўналиши бўйича поездда йўлга чиқиб, саёҳат давомида йўловчилар учун яратилган шароитлар ҳақида мақола ёзган эдим.

Қарангки, бу сафар бутун дунё аҳли энг кўп фойдаланиладиган жамоат транспортида Тошкентдан Андижон томон сафар қилишга тўғри келди.

Маслаҳатим, агар ишларингиз режа асосида кетаётган бўлса, шошилмаётган бўлсангиз, пойтахтдан водий тарафга поездда йўлга чиққанингиз маъқул. Агар автомашинада кетишни ихтиёр этсангиз, Қўйлиқ томон бориб, бир тўп “Менга чиқинг, менга чиқинг!”, дейдиган таксичилар қуршовига дош бериб, беш соат ҳаракатланмай ўтирганча Андижонга етиб оласиз. Машинада кетишнинг ҳам ўзига хос ижобий ва салбий томонлари бор. Тезроқ борасиз, бироқ тор жойда сиқилиб кетишга мажбурсиз.

Поезд энди бошқача... Аниқ жадвал асосида иш юритади. Йўл давомида бемалол вагон ичида ҳаракатланишингиз мумкин. Хавфсизлик чоралари мавжуд. Унинг қулайликлари ҳақида узоқ гапириш мумкин. Шунинг учун Ўзбекистонни кезиш учун келган чет эллик сайёҳлар ҳам кўпроқ поездни танлайди.

Чипта сотиб олиш..

Водий томонга поездлар Жанубий вокзалдан қатнайди. Чипта олиш учун бир кун олдин оқшом пайти кассага яқинлашдик. Ҳеч қандай муаммосиз навбатга туриб, ўн дақиқага ҳам қолмай чипта қўлимизга тегди. “Йўл ҳужжати”ни нақд пул ёки пластик картага оласиз.

60/59-сонли йўналишдаги поезднинг эрталабки соат 08:07да йўлга чиқувчи “Еconom”, халқ тили билан айтганда “умумий” вагонига чипта нархи 57 минг сўм экан.

Вокзалдаги шароитлар ва вагонга чиқиш..

Тонг саҳар етти. “Жанубий” вокзалда одам гавжум. Вокзалга келганимиздан бир-икки дақиқа ўтиб, маскан сухандони: “ Диққат қилинг! Биринчи йўлга Тошкент – Андижон поезди қўйилмоқда”, дея эълон қилди.

“Жанубий” вокзалда йўловчилар учун яратилган шароитлар алоҳида мавзу. Сўнгги архитектура меъёрлари асосида, шарқона чизгилар билан бунёд этилган вокзалда барча қулайликлар бор. Кенг, ёруғ кутиш заллари, покизалик ҳаммаси жой-жойида. Совғалар сотиб олиш учун дўкон, телефонни қувватловчи ускуналар, буларнинг бари айтиш мумкин бўлган шароитнинг юздан бири бўлса керак.

Йўловчилар орасида водий томон кетаётган чет эллик сайёҳлар кўп эди. Вагон ёнида франциялик ёши улуғ, эр-хотин ажнабий йўловчилар билан битта “селфи” қилиш имконияти ҳам туғилди.

Пишқириб турган поезднинг 10-вагонига чиқиб, жойлашдик.

Қулайликлар

Вагон ичида уч қатор, ҳар бир йўловчи учун алоҳида ўриндиқлар бор. Бир томонда жуфт ва бир томонда яккалик креслолар. Ҳар бир йўловчи учун алоҳида кийим илгич, телефон қувватловчи мослама. Покизаликка яхши эътибор қаратилган. Йўл кузатувчилари, улус тили билан айтган “проводник”лар хушмуомала. Ўриндиқлар ва унинг атрофида бирорта чанг йўқ.

“Еconom” вагоннинг ўртасига икки томонлама телевизорлар қўйилган. Унда “Тангалик болалар” фильмини томоша қилиб кетдик. Йўлга чиққанимиздан ўн-йигирма дақиқалар ўтиб, чой келтириб беришди. Енгил тамадди қилишни хоҳлаганлар учун ҳар ярим соатда чиройли кийиниб, егуликлар кўтариб олган сотувчи ҳам хизматда.

Ўтган сафарги саёҳат давомида вагонлардаги ҳожатхонада камчиликлар кўзга ташланган эди. “UZTEMIRYOʻL YOʻLOVCHI” ташкилоти танқиддан тўғри хулоса чиқариб, барча йўналишдаги поездларда катта ишларни амалга оширибди. Барча вагонлардаги ҳожатхоналарда етарли шарт-шароитлар яратилгани кўзни қувонтирди.

Поезд бошлиғи Баҳромжон Юлдашев ва VIP вагон кузатувчиси Зоҳида Зайниддинова билан вагонларни айландик.

Сайёҳлар фикри

3-вагонда Марғилон, Қўқонга саёҳат қилиш учун кетаётган чет эллик сайёҳлар билан суҳбатлашганимизда, улар поездда дунё тамаддунида ўзига хос ўрин тутган “Буюк ипак йўли” ҳақида маълумотларга эга эканликларини билдик. Уларнинг Марғилон ва Қўқондаги ҳунармандчилик, атлас тўқиш ҳам кулолчилик мактаблари намуналарини ўз кўзлари билан кўриш учун узоқ сафарга чиққани бизни лол қолдирди.

“Поезд саришта, вагон кузатувчиларининг муомаласи жуда яхши экан. Сервис хизматлари ҳам бошқа давлатларникидан ҳеч қолишадиган жойи йўқ. Айниқса, чойни жуда ўзгача тайёрлашар экан”, - дейди улардан бири.

Италия, Англия ва Франциядан келаётган сайёҳ йўловчиларнинг темир йўлчилар ҳақидаги фикрлари ижобий бўлди.

Поезддаги ходимларнинг ҳаммаси 20-25 ёшда бўлиб, танлов асосида ишга олинган. Чет элликлар билан бемалол ўзга тилда мулоқот қила олишаётгани ҳам ижобий ҳолат.

Навбатдаги мақолам ҳам чўзилиб кетди. Ўқувчиларимиз воҳа томонларга қатновчи поездлардан ҳам фоторепортаж қилишимизни сўрабди. Насиб қилса, кейинги сафар бошқа йўналишларда кўришамиз...

Йўловчи Элмурод Эрматов

Мавзуга оид