Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганига бир йил тўлди: Нима ўзгарди?
2017 йилнинг 30 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги фармонга имзо чеккан эди. Орадан роппа-роса бир йил ўтди. Бу муддат янги тизим фаолиятига назар ташлаш учун етарли, бизнингча. Хўш, мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга масъул этиб белгиланган Мактабгача таълим вазирлиги ўз олдига қўйилган вазифаларни қай даражада уддалай олмоқда?
Аввало, вазирлик мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга масъулдир. Шу туфайли соҳадаги ягона давлат сиёсатини юритаётган муассаса боғча ёшидаги болаларнинг МТМга қамраб олишдан манфаатдор. Вазирлик иш бошлаган илк кунларданоқ, нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар айрим тўловлардан озод этилган. Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик муносабатларини янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори боғчалар сонини оширишда муҳим роль ўйнади. Шу йилнинг сентябрь ойидан бошлаб, хусусий боғча ташкил этган тадбиркор барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлардан (ЯИТдан ташқари) озод этилди.
Бундан ташқари, вазирлик томонидан Ўзбекистонда биринчи марта барча МТМларга мавзувий режалаштирилган таълим дастури тарқатилди. Таълим жараёнига энди кириб келаётган кичик ёшли болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тамойили асосида ишлаб чиқилган янги дастур «Илк қадам» деб номланди.
Умуман олганда, давлат талабларида кичик ва мактаб ёшигача бўлган болаларни беш йўналишда ривожлантириш кераклиги кўрсатилган. Бу беш йўналишни ривожлантириб, бола 4 компетенцияга эга бўлади ва 1-синфга чиқишга мотивация олади.
Муҳим янгиликлардан яна бири – гуруҳлардаги болалар сони 25 кишидан ошмаслиги белгилаб қўйилди. Бу чекловни амалиётга жорий этиш мақсадида EMIS электрон тизими ҳам йўлга қўйилди. 2021 йилга бориб мамлакатдаги барча МТМ гуруҳларида болалар сони шундай бўлади.
Ўтган 27 йил давомида мактабгача таълим тизимидаги тарбиячилар ва МТМ ходимларининг тариф ставкаси бирор марта оширилмаганди. 2018 йилнинг март ойида Мактабгача таълим вазирлиги биринчи марта педагогларнинг базавий тариф ставкаларини 30 фоизга ошириш таклифи билан чиқди. Шу йилнинг сентябридан олий маълумотга эга педагоглар учун базавий тариф ставкалари яна 30 фоизга оширилди.
Вазирлик эндигина фаолият бошланганида болаларни мактабгача таълим жараёнига қамраб олиш 27 фоизни ташкил этган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 34 фоизга етди. Аммо қарийб 1 млн 600 нафардан зиёд бола мактабгача таълимга қамраб олинмаган. Уларнинг тақдири қандай кечмоқда? «Kun.uz» мухбири шундай болаларнинг ота-оналаридан баъзилари билан суҳбатлашиб, масалага ойдинлик киритди.
«Биз давлат боғчасига боламизни юборишга имкон топгандик. Муаммо шундаки, у ерда жой тўлиб қолган. Агар масалага чуқурроқ кирсангиз, коррупциянинг ҳиди келади. Хусусий боғчаларда эса нарх қиммат. Гарчи хусусий боғчада таълим ва овқатланиш юқори талаб даражасида бўлса-да, ўртача ойлик маош билан яшаётган ота-она учун бундай нархлар ўта қиммат ҳисобланади», дейди улардан бири.
Давлат хизмати агентлиги вакили «Kun.uz»га тасдиқлашича, болани боғчага жойлаштириш ишларининг агентлик зиммасига ўтказилиши айнан бу жараёндаги коррупцияга барҳам бериш мақсади билан боғлиқ. Албатта, вазирлик олдида бундан бошқа яна кўплаб ўз ечимини кутаётган муаммолар бор. Масалан, болаларнинг таҳқирланиши, сўкиш эшитиши ва калтакланиши. Минг афсуски, ҳатто ўлим билан якунланган ҳолатлар ҳам мавжуд. Шундай воқеалардан бири шу йилнинг 5 февраль куни Фарғона вилояти Қўштепа туманида содир бўлди.
1998 йилда туғилган Акмал Абдураҳмонов эрталаб ўз хонадонидан велосипедда Олтиариқ тумани марказидаги бозорга борган. У қайтишда «Полосон» маҳалласидаги 6-мактабгача таълим муассасаси ёнидан ўтиб кетаётиб, ушбу муассасадан кузатувчисиз чиқиб кетаётган тарбияланувчилар – вояга етмаган Ш.Ғоффоралиев, Х.Ғоффоралиева ва К.Ғоффоралиевани ёнига чақириб, уларга велосипедда сайр қилдиришини, дўкондан ширинликлар олиб беришини айтиб алдаган ва Ш.Ғоффоралиев ҳамда Х.Ғоффоралиевани велосипедининг орқа ўриндиғига, К.Ғоффоралиевани эса велосипедининг олд қисмига ўтирғизиб, уларни ўғирлаб кетган. Воқеа К.Ғоффоралиеванинг ўлими билан якун топган. Муассасадан кузатувчисиз чиқиб кетаётган тарбияланувчилар воқеаси кейинчалик ушбу ҳолатни тартибга солиш, электрон ҳисобга олиш тизимини ишга тушириш, лоақал масъулиятни ошириш шарт.
МТМ мудираси ва педагогик таркиб асосий иш фаолиятидан чалғиган, яъни, улар болаларга таълим-тарбия бериш қаторида овқатлантириш тизимини ташкиллаштириш билан ҳам шуғулланишларига тўғри келган. Шунинг учун бугунги кунда болалар боғчасининг айнан мактабгача таълим тизимига айлантирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ, янги сиёсатга кўника олмаган мудиралар ҳам бор.
Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани 197-сонли боғчада аудиторлик текшируви учун келган вазирлик ходимларини мудира хонасида ўзини методист деб таништирган аёл кутиб олади. Тегишли ҳужжатларни тақдим эта олмаган аёл, аслида амалдаги мудиранинг онаси эканлигини тан олиб, бу ерда ишламаслигини айтган. Кейинги терговлар шуни кўрсатдики, авваллари жиноий жавобгарликка тортилган бу аёл аслида МТМнинг пул оқимларини шахсан ўзи назорат қилиб келган.
Аудиторлик ишлари ўтказилган куни меню учун ишлатилиши лозим бўлган 56,2 кг гўшт омбордан олинган, аммо у қозонларгача етиб бормаган. Ажратилган маҳсулотнинг ўрнига бир кун аввал қайнатилган 8,98 кг миқдоридаги гўшт топилган. Аниқланишича, амалдаги «қўғирчоқ» мудиранинг онаси ҳар куни гўштнинг ярмини ўзи учун олиб қўйишни одат қилган. МТМ ходимлари текшириш вақтида рўйхатга киритилмаган болаларни эшиги ташқаридан қулфланадиган омборхонага яшириб қўйишган. Бу болаларнинг ота-оналари боғча тўловини нақд пулда амалга ошириши маълум бўлган.
Яна бир ачинарли ҳолат - боғча ҳудудида чинни буюмлар, яъни пиёла ишлаб чиқарадиган цех очилган. Мутахассисларнинг эътирофича, бу цехда фойдаланиладиган хомашё ва бўёқ болаларнинг соғлиғига зарар етказади. Афсуски, бундай «қинғир» ишлари фош бўлаётган МТМлар республикада ягона эмас. Умумий қилиб айтганда, шундай хабарларнинг кўпайиб, ошкор этилиши вазирликнинг ютуғи, негаки, аввал Халқ таълими тизимида фаолият олиб борган боғчаларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилгани оқибатида шунча масалалар тўпланиб қолганки, уларни бартараф этиш учун яна бир неча йил талаб этилади.
Давлат хизматлари агентлиги маълумотларига кўра, боғчалардаги текширувлар вақтида республика бўйича жами 2 457 нафар рўйхатдан ўтмаган бола аниқланган, яъни улар расман ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган. Шундан келиб чиқадики, улар Конституция ва қонунларда белгиланган ўз ҳақ-ҳуқуқларидан тўлиқлигича фойдаланиш имкониятига эга эмас. Масалага бу нуқтаи назардан қарасак, мактабгача таълим ёшида бўлган болаларнинг ҳуқуқий ҳимоя қилиниши, айрим вазиятларда уларнинг ижтимоий ҳимояда эканлиги масаласи билан айнан Мактабгача таълим вазирлиги шуғуллангани мақсадга мувофиқ бўлади.
Яккасарой туманида жойлашган «Baby Univer» хусусий МТМ тарбияланувчиси 1,5 ёшли Даврон Махмудовнинг муассаса вакили томонидан калтакланиши мазкур масалада вазирликнинг ваколатлари чегараланганини билдиради. Гап шундаки, Давроннинг онаси вазиятдан хабар топиб, воқеа ҳақида ИИБ ходимига мурожаат этгунга қадар, мутасаддилардан ҳеч ким бу ҳақда қайғурмаган. Бевосита вазирликка тегишли муассасада шундай вазият юз берганда Мактабгача таълим вазирлиги тезкор ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Шунингдек, унинг ижтимоий ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатлангани вазирлик ҳаракатларида ифода этилиши лозим. Ўйлаймизки, МТВ ҳозирча барча ишларни дўндириб қўймаяпти, лекин шу тарзда ислоҳот ва ташаббуслар давом этса, албатта, вазирлик олдига қўйилган вазифанинг уддасидан чиқади.
Алишер Рўзиохунов
Мавзуга оид
17:53 / 01.08.2023
ИИБ ходимлари маъруза қилган боғча масъуллари жазоландими?
15:36 / 28.07.2023
Президент Учтепа туманида боғча болаларига маъруза ўқиган профилактика инспектори воқеасига тўхталди
17:40 / 27.07.2023
Таълимда бола психологияси қай аҳволда? Психологлар билан суҳбат
12:07 / 24.07.2023