Жамият | 13:30 / 01.10.2018
70140
3 дақиқада ўқилади

Олмалиқда майорнинг погони юлиниб, ўзи калтакландими? ИИВ расмий маълумот берди

Скриншот

Ижтимоий тармоқларда “Олмалиқда милиция майори погони юлиниб, калтакланди” сарлавҳаси билан тарқатилган мақола ўз тасдиғини топмади ва воқеанинг асл ҳолати маълум бўлди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси. 

2018 йилнинг 22 июнь куни соат 23.00ларда Олмалиқ шаҳар, Примқулова кўчасида, 1987 йилда туғилган Э.Д., 1988 йилда туғилган К.У. ва Э.С. жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан баланд овозда бақир-чақир қилиб, оғзаки жанжал қилган вақтда, фуқаролар томонидан ушбу ҳудуд профилактика инспектори майор Раҳмонов Давроннинг уйига бориб, жанжални тинчлантириш юзасидан мурожаат қилишган. 

Ушбу ҳудудга бириктирилган, лекин тунги хизматга жалб қилинмаган профилактика инспектори майор Д.Раҳмонов воқеа жойига етиб келиб, улардан безорилик ҳаракатларини тўхтатишни ва уйларига тарқалишларини талаб қилган. Бироқ Э.Д., К.У. ва Э.С. майор Д.Раҳмоновга фаол қаршилик кўрсатиб, унинг қонуний талабларини бажармасдан, уни ҳақорат қилиб, обрўсизлантириб, қўлларини қайириб, у ҳолсизланиб қолган вақтда, гўёки хизмат вақтида маст эканлиги ҳақида шаънига путур етказувчи ҳақоратли гапларни айтиб, уяли телефонга тасвирга олиб, интернет ижтимоий тармоқлари орқали тарқатиб юборганлар.

Айнан шу вақтда ушбу ҳудудга тунги хизматга жалб қилинган профилактика инспектори катта лейтенант Валиев Пўлат ҳудудни назорат қилиб юрганида жанжал бўлаётган ҳолатга дуч келади ва майор Д.Раҳмоновга ёрдамга боради. Жанжал бўлган жойда ҳеч қандай ресторан бўлмаган, ходимлар эса шу куни спиртли ичимлик истеъмол қилмаганлар, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Э.Д., К.У. ва Э.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми (Қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш) ва 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Ҳақорат қилиш: а) жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид