Жамият | 14:48 / 02.10.2018
8094
2 дақиқада ўқилади

Мотор мойларини ноқонуний ўтказиш эвазига божхоначига пора таклиф қилган шахслар ушланди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Навоий” чегара божхона постида божхона ходимига пора беришга уринган 2 нафар қонунбузарнинг жиноий фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фуқаро А.С. Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлган мотор мойларини “Навоий” чегара божхона пости орқали божхона расмийлаштирувисиз олиб ўтиб бериш эвазига божхона ходими М.А.га 2000 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилган. Унинг бу ноқонуний таклифига ўз вақтида чора кўриш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг тегишли бошқармалари томонидан мазкур постда ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро А.С. 4753 кг. мотор мойларини расмийлаштирмаслик эвазига, 600 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни божхона ходими М.А.нинг хизмат хонасида бераётган вақтда ушланди. 

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Шундан сўнг фуқаро А.С. пора тариқасида берилган пул ва мотор мойлари аслида фуқаро К.Ш.га тегишли эканини баён қилди. 

Тадбир давомида, фуқаро К.Ш. божхона ходими М.А.га пора тариқасида бериш учун яна қўшимча 800.000 сўм пулларни А.С.га тақдим этаётган вақтида қўлга олинди. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид