Ўзбекистон | 17:00 / 11.10.2018
17612
4 дақиқада ўқилади

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 3та янги модда билан тўлдирилди.

«91(1)-модда. Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш —

фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

91(2)-модда. Санитар тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича талабларни бузиш

Санитар тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича талабларни бузиш —

фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан 
уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

91(3)-модда. Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида дастлабки ҳисобга олиш ва назорат қилиш, шунингдек чиқиндиларни кўмиш ва утилизация қилиш жойлари бўйича кадастр ахборотларини тақдим этиш тартибини бузиш

Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида дастлабки ҳисобга олиш ва назорат қилиш тартибини бузиш —

мансабдор шахсларга икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Чиқиндиларни кўмиш ва утилизация қилиш жойлари бўйича кадастр ахборотларини тақдим этиш тартибини бузиш —

мансабдор шахсларга икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».

Шунингдек, 123-модда қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«123-модда. Транспорт воситаларидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш

Поездларнинг вагонлари, автотранспорт воситалари ва шаҳар йўловчилар транспортидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш —

энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».

161-модданинг санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

163(1)-модданинг санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;

қуйидаги мазмундаги 163(2)-модда билан тўлдирилади:

«163(2)-модда. Сув таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш қоидаларини бузиш

Сув таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш қоидаларини бузиш —

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».

Мавзуга оид