Спорт | 21:59 / 13.10.2018
7602
2 дақиқада ўқилади

Ким Ёнг Жун: «Тўлиқ куч билан ўйнашга тайёр эмасдик»

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон – КХДР (2:0) ўртоқлик учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг дастлабки қисмида меҳмонлар мураббийи Ким Ёнг Жун иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

«Шогирдларим учрашувни ёмон ўтказди, дея олмайман. Баъзи хатоларга йўл қўйганимиз ва ҳужум ташкил қилишдаги камчиликлар мағлубиятимизга сабаб бўлди. Бугунги ўйиндан керакли хулосалар чиқаришга ҳаракат қиламиз», дея айтиб ўти Ким Ёнг Жун анжуманнинг кириш қисмида.

- Корея биз кутганимиздан анча кучсизроқ ўйнади. Бу жамоа узоқ муддат ўйин амалиётисиз қолгани билан боғлиқми ёки футболчиларнинг даражаси билан?
- Балким шундайдир. Терма жамоамиз жорий йил ҳисобидан дастлабки ўртоқлик ўйинини ўтказди. Шу сабабдан ҳам биринчи бўлимда гол ўтказиб юбордик. Айнан шу гол футболчиларнинг руҳиятига салбий таъсир қилди, натижада улар диққатни жамлашга қийналишди.

- Одатда КХДР термаси ҳужумда агрессив ўйнайди. Бугун бу ҳолат кузатилмади. Рақиб шунга эриша олдими ёки бу жамоадаги муаммолар натижасими?
- Биз охирги ойларда жуда кам ўйин ўтказдик. Бугунги баҳс олдидан ҳам бир неча кунгина йиғинда бўлдик, холос. Қолаверса, жамоанинг бир қатор аъзолари бир неча кун олдин ОФК кубоги доирасидаги ўйинларда майдонга тушишди. Биз тикланиш машқларини ўтказган бўлсак-да, тўлиқ куч билан ўйнашга тайёр эмасдик. Бугун биз натижа учун эмас, балки тактик жиҳатлар устида ишлашга ҳаракат қилдик.

- Айнан қандай тактик жиҳатларни назарда тутяпсиз? Бу схемалар иш бердими?
- Учрашув бошиданоқ асосан ҳимоядан ўйин ташкил этишга ҳаракат қилдик. Натижада ўйиннинг дастлабки йигирма дақиқасида рақибга бироз ташаббусни топширган ҳолда асосий эътиборни гол ўтказиб юбормасликка қаратдик. Айнан мана шу жиҳатдан футболчиларга тактик кўрсатма берган эдик.

Мавзуга оид