Ўзбекистон | 19:20 / 14.10.2018
75563
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ташрифидан кейин Тошкент вилоятининг 5 та тумани ҳокимлари маошдан маҳрум қилинди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига ташрифи якунида вилоятдаги 5 туман ҳокими икки ойлик маошидан маҳрум қилинган. Бу ҳақдаги маълумотни «Kun.uz» манбалари тасдиқлашди.

Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Тошкент вилоятига ташрифи давомида Бўка тумани ҳудудидаги «Валихон ота» фермер хўжалиги даласида бўлиб, пахта теримини кўздан кечирганди. Президент шу ерда вилоят фермерлари ва қишлоқ хўжалиги мутасаддилари билан суҳбатлашган.

Мулоқотда фермерларга ўз меҳнати самарасини кўриш вақти келгани, ҳосилни ёғинли кунларга қолдирмай йиғиб олиш зарурлиги таъкидланганди.

Президент ташрифи давомида қатор камчиликлар аниқланган. Айрим давлат амалдорларининг фаолияти танқидга учраган.

13 октябрь куни Тошкент вилояти ҳокими фармойиши асосида 5та туман ҳокими - Бўка (Нўмонали Избосаров), Пскент (Шуҳрат Аҳмедов ), Бекобод (Неъмат Абдуллаев, у шу йилнинг 25 сентябрида туманнинг янги ҳокими сифатида иш бошлаган), Янгийўл (Абдуқаҳҳор Тўхтабоев) ва Чиноз  туманлари ҳокимлари икки ойлик маошларидан маҳрум қилинган. Манба маълумотига кўра, бундай қарор ҳокимлар пахта хомашёсини йиғиб олиш ишларида сусткашликка йўл қўйишгани учун қабул қилинган.

Бундан ташқари, ҳокимлар агар вазият тузатилмаса, ишдан олиниши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирилган.

Мавзуга оид