Ўзбекистон | 01:03 / 17.10.2018
7013
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда халқ табобати тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули сифатида эътироф этилди

Фото: vseostrsse.ru

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3968-сонли қарори соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми десак, хато бўлмайди.

Мамлакат аҳолиси ўзининг соғлиғини асрашда замонавий шифокорлар билан бир қаторда табибларга ҳам мурожаат қилиб, айрим ҳолатларда ижобий натижаларга эришаётганлиги сир эмас. Давлат раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу ҳужжат аҳолининг замонавий тиббиёт ютуқларидан фойдаланиши билан бир қаторда, халқ табобатининг кўп йиллик кўникмалари ҳамда амалиётда тасдиқланган ижобий ютуқларидан ҳам самарали фойдаланишларига кенг имконият яратиб беради.

Сўнгги йилларда халқ табобати йўналишида кўрсатилаётган тиббий хизматларда назоратнинг етарли даражада эмаслиги, шунингдек, халқ табобатининг замонавий тиббиёт тизимида тутган мақоми ва роли хусусида қатор саволлар юзага келаётган эди. Мазкур ҳужжат шуниси билан ҳам аҳамиятлики, халқ табобати фаолиятини тартибга солиш, тўпланган тажриба ва салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ҳамда халқ табобатининг усуллари ва ютуқларидан самарали ва хавфсиз фойдаланиш учун шарт-шароит яратиш мақсадида халқ табобати аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули сифатида эътироф этилди.

Эндиликда халқ табобати усулида хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тиббий фаолиятни лицензиялаш учун белгиланган тартибда амалга оширилиши ва бунда тиббий таълим маълумотига бўлган талаб бўлмаслиги ҳамда халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи шахслар ўз фаолиятининг натижалари бўйича тиббиёт ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳажмда жавобгарлиги белгиланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссия ташкил этилиши кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга, ушбу қарорда халқ табобатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан:

- халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи шахсларнинг ҳуқуқий мақомини ва улар томонидан кўрсатилган хизматлар оқибати учун жавобгарлигини белгилаш;

- халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва мутахассислар, уларнинг иш тажрибаси, кўрсатадиган хизмат турлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ягона маълумотлар базасини шакллантириш;

- кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда аҳолига тиббий хизматдан фойдаланишда онгли равишда танлаш имкониятини яратиш учун халқ табобатининг кўп йиллик кўникмалари ҳамда амалиётда тасдиқланган ижобий ютуқларини замонавий тиббиётга интеграциялаш орқали унинг салоҳиятидан фойдаланиш;

- халқ табобати соҳасида етакчи маҳаллий ва чет эл тиббиёт муассасалари ҳамда соғломлаштириш амалиёт марказлари билан яқин ҳамкорлик қилиш асосида халқ табобати мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш белгиланмоқда.

Шунингдек, Республика тиббиёт олий ўқув юртларининг “Даволаш иши”, “Педиатрия”, “Тиббиёт-педагогика” бакалавриат йўналишларидаги ўқув дастурларига халқ табобати бўйича махсус ўқув циклини жорий этиш ҳам назарда тутилган.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида халқ табобати кафедраси ва “Халқ табобати” йўналиши бўйича малака ошириш курси ташкил қилинади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссия ташкил этилади.

Мазкур қарор билан халқ табобати билан шуғулланиш тартибга солиш мақсадида:

  • 2018 йил 15 ноябрга қадар давлат таълим стандартларининг талаблари асосида халқ табобати бўйича ўқув дастурини ҳамда халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган биноларнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларини ишлаб чиқилиши;
  • 2018 йил 1 декабрга қадар халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолиятни амалга оширишда ишлатиладиган асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситалар, шу жумладан, тиббий техникага нисбатан минимал талабларни белгилаш ҳам назарда тутилган.

Энг асосийси мазкур фаолият турини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий хужжатларни ишлаб чиқилишини белгиланганлиги натижасида:

  • халқ табобати усули билан тиббий хизмат кўрсатаётган шахслар томонидан кўрсатилаётган хизматларда салбий оқибатларни олдини олиниши ҳамда соҳта табиблик  билан шуғулланувчи шахсларнинг жавобгарликларини белгиланишига;
  • халқ табобати усули билан халқимизга хизмат кўрсатаётган шахслар томонидан кўрсатилаётган хизматларни давлат стандартлари асосида амалга оширилишига;
  • етарли тажриба ва кўникмаларга эга бўлмасдан инсон саломатлигига халқ табобати усули билан аралашувларни қонуний тарзда чекланишига олиб келади.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган ушбу қарор мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида халқ табобатининг замонавий тиббиётга интеграциялашувини таъминлаш билан бир қаторда, аҳоли саломатлигини асрашда халқ табобатининг самарали усулларидан кенг фойдаланиш имкониятини  яратиб беради. Бу эса ўз навбатида аҳоли учун тиббий хизмат турини танлашда яна бир имкониятдир.

Мавзуга оид