Жамият | 19:00 / 18.10.2018
3873
2 дақиқада ўқилади

Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори “Маяк Канц” заводи директори билан учрашди

Фото: Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги

Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг мамлакатга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик I форуми ўтказилмоқда.

Форум доирасида бугун, 18 октябрь куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев Россия қоғоз саноати вакили – Пенза шаҳридаги “Маяк Канц” заводи директори Сергей Плотников билан учрашди.

Учрашувда барча соҳаларда, шу жумладан, ноширлик ва матбаа соҳаларидаги тўғридан-тўғри алоқалар ҳар икки томон учун ҳам манфаатли экани таъкидланди. Лазиз Тангриев россияликлар билан Ўзбекистонга офсет қоғозини олиб келиш, Агентлик тизимидаги нашриёт-матбаа ижодий уйларида девор учун гулқоғоз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича икки томонлама учрашувлар ташкил этилиши лозимлигини таъкидлади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, 1850 йилда ташкил этилган ушбу фабрика қоғоз ва қоғоз саноати соҳасидаги қадимги корхоналардан бири ҳисобланади. “Маяк Канц” заводи томонидан бугунги кунда нафақат ички, балки ташқи бозорга ҳам мактаб дафтарлари, умумий дафтарлар ишлаб чиқарувчи Россиядаги энг йирик корхоналардан биридир.

– Россия Федерацияси президентининг юртингизга давлат ташрифи доирасида илк бор Ўзбекистон ва Россия ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилмоқда, – деди Сергей Плотников. – Ушбу тадбирларга аъло даражада тайёргарлик кўрилганини, ўзбек халқининг меҳмондўстлигини Ўзбекистонга қўйган илк қадамда, яъни аэропортдаёқ ҳис этдим. Бунинг учун Ўзбекистон раҳбариятига, ўзбек халқига алоҳида миннатдорлик билдираман. Ўйлайманки, мамлакатларимиз ўртасида дўстлик-биродарлик, ҳамкорлик бундан кейин ҳам ривожланиб бораверади.

Мавзуга оид