Ангрен ҳокими ишдан олинди
Тошкент вилояти, Ангрен шаҳри ҳокими Ҳакимжон Мамасодиқович Абдулазизов 17 октябрь куни ишдан кетган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати «Kun.uz»га хабар қилишича, Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимовнинг 18 октябрдаги қарорига биноан Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Шукурулла Насимхонович Махмудов Ангрен шаҳрининг янги ҳокими этиб тайинланган.
Шукурулла Махмудов шу кунгача «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали бошлиғи сифатида ишлаб келаётганди.
У 1974 йилда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида зиёлилар оиласида туғилган. 1996 йил Тошкент давлат техника университетини (кундузги) битирган.
Шукурулла Махмудов 2016-2018 йилларда «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси «Марказгазтаъминот» унитар корхонаси директори лавозимида ишлаган, кейинчалик «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали бошлиғи бўлиб ўз иш фаолиятини давом эттирган.
2007-2017 йилларда Ўзбекистон республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари бўлган Ҳакимжон Абдулазизов 2017 йилдан буён Ангрен шаҳри ҳокими эди.
14 октябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида пахта йиғим-терими масаласига бағишланган селектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда шу масалада сусткашликка йўл қўйган ҳокимлар, мансабдорлар қаттиқ танқид қилинганди.
Бош вазир селектор вақтида вилоятлар ҳокимларига республика бўйлаб 10 ҳокимни ишдан бўшатиш бўйича тақдимномалар киритиш ҳақида топшириқ берганди. Бу рўйхатда Ангрен шаҳри ҳокими ҳам бўлган.
Ҳозиргача республика бўйлаб 5 ҳоким ишдан кетгани маълум бўлди. Фарғона вилоятида Фарғона шаҳри ва Фарғона тумани ҳокими, Хоразм вилоятида Урганч тумани ҳокими, Андижон вилоятида Олтинкўл тумани ҳокими, Сирдарё вилоятида эса Гулистон тумани ҳокими пахта ҳосилини йиғиб-териб олишдаги сусткашлиги учун ишсиз қолган.
Мавзуга оид
14:01 / 13.10.2024
“Кўп нарса ҳокимларнинг савиясига боғлиқ” — ватанга қайтган инвестор қандай тўсиқларга учради?
18:02 / 10.10.2024
Шаҳрисабзда аҳолини пахта теришга мажбурлаган маҳалла раиси салкам 19 млн сўм жаримага тортилди
19:45 / 09.10.2024
Ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилиши ноқонуний — ММТВ
22:40 / 07.10.2024