Иқтисодиёт | 14:50 / 20.10.2018
16272
2 дақиқада ўқилади

Банкларнинг очиқ валюта мавқеи: қоидаларга тузатиш киритилди

Фото: Xinhua

Марказий банк Бошқарувининг қарори билан Очиқ валюта мавқеини юритиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди, деб ёзмоқда Norma.
 
Маълумот учун: Содда қилиб айтганда, валюта мавқеи – банк ўз контрагентларидан қарзга олган чет эл валютасидаги сумма билан банк улардан талаб қилишга ҳақли бўлган чет эл валютасидаги талаблар суммаси ўртасидаги нисбат. Ушбу суммалар бир-бирига тенг бўлмаган вазият (дисбаланс) очиқ валюта мавқеи деб номланади. Банкнинг чет эл валютасидаги қарзи талабларидан кўра кўп бўлса, бунга қисқа валюта мавқеи дейилади. Аксинча бўлса – узун валюта мавқеи.
 
Очиқ валюта мавқеи, айниқса валюталар курси ўзгарган пайтда, тижорат банкларининг молиявий ҳолатига таъсир кўрсатиши сабабли Марказий банк илгари амал қилган лимитларга қўшимча равишда янгиларини жорий этмоқда:

• барча узун валюта мавқелари жами суммаси бўйича;
• барча қисқа валюта мавқелари жами суммаси бўйича.
 
Бунда чет эл валютасининг ҳар бир тури ва очиқ валюта мавқеларининг жами суммаси бўйича очиқ валюта мавқеларининг лимитлари сақланиб қолади. Чегараларнинг аниқ ҳажмлари МБ томонидан алоҳида белгиланади, илгари амал қилган нормативлар ҳужжатдан чиқариб ташланган. Эслатиб ўтамиз, ҳар бир операция куни охирига келиб чет эл валютасининг ҳар бир алоҳида тури бўйича очиқ валюта мавқеи – банк регулятив капиталининг 10%идан, очиқ валюта мавқеларининг жами суммаси эса банк регулятив капиталининг 20%идан ошмаслиги керак.
 
Назоратни таъминлаш мақсадида МБ тижорат банкларининг баланс счётларини ҳар куни мониторинг қилади.
 
Ҳужжат 12.10.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид