Light | 23:01 / 20.10.2018
34843
3 дақиқада ўқилади

Юраги хасталар ҳаётларини қандай узайтиришлари мумкинлиги маълум қилинди

Фото: depositphotos.com

Инфаркт, ишемия ёки инсультни бошдан кечирганлар ҳаётларини максимал узайтириш учун бир жойда ўтиравермасдан, ҳар 20 дақиқада жуда бўлмаса кичик ҳаракатларни амалга ошириб туришлари лозим. Бундай фикрни Канада кардиоваскуляр жамияти конгрессида нутқ сўзлаган олимлар билдиришган.

“Тадқиқотимиз юраги хасталар ҳар 20 дақиқада ўринларидан туриб, кейинги 7 дақиқани енгил жисмоний фаолликка ажратишлари кераклигини кўрсатди. Агар вақти-вақти билан ўрнидан туриб, хона бўйлаб юрса ҳам кунига 770 килокалория йўқотиш мумкин”, деб айтган Альберта университетидан Айлар Рамади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти статистикасига кўра, юрак ва қон томири касалликлари, жумладан инфаркт, инсульт ва сурункали юрак етишмовчилиги глобал даражада одамлар ўлишининг бош сабаби ҳисобланади. Ҳар йили бу касалликлардан 17 млнга яқин одам вафот этади ва бу касалликлар ривожланишининг бош сабабларидан бири гипертония (юқори қон босими) ва томирлардаги у билан боғлиқ муаммолар ҳисобланади. 

Жисмоний фаолликнинг паст даражаси кекса ёшда юрак хуружларининг тез-тез бўлиши, инфаркт, инсульт, суяклар билан муаммолар ҳамда организмда холестерин ва бошқа зарарли моддаларнинг тўпланиши билан боғлиқ бошқа муаммолар ва касалликлар, сурункали яллиғланишлар авж олишининг сабабларидан бири ҳисобланади. Олимлар кузатувларининг кўрсатишича, жисмоний юкламалар даражасининг бироз ошиши ҳам юрак ва томирлар билан боғлиқ муаммолар ва инфаркт ривожланиши имконини бир неча марта камайтиради.

Рамади ва унинг ҳамкасблари минимал жисмоний фаолликнинг қандай даражаси инсульт ёки инфарктни бошдан кечирганлар ҳамда вақтининг катта қисмини курсида ўтириб ёки диванда ётиб ўтказувчиларга фойдали бўлиши мумкинлигини билишни исташган.

Улар бу мақсадда коронар етишмовчиликдан азият чекувчи 132 кўнгиллидан иборат гуруҳ тўплаб, улар нима қилишлари ва қанчалик кўп ҳаракат қилишлари ортидан кузатув олиб боришган. Бунинг учун олимлар ҳар бир иштирокчига уларнинг фаоллиги даражаси ортидан кузатувчи ва бу ҳақдаги маълумотларни олимларга узатувчи браслет-соатлар тарқатишган.

Олимларни бундай юрак хасталикларига учраган ва учрамаган одамларда жисмоний фаоллик даражаси қанчалик фарқ қилиши қизиқтирган. Кузатувларнинг кўрсатишича, юрак хасталикларига учраганлар меъёрдан анча кам ҳаракатланишган ва соғлом кишиларга нисбатан 770 килокалория камроқ йўқотишган.

Олимларнинг фикрича, бу организмда холестерин ва зарарли ёғларнинг тўпланишига олиб келган. Бу моддаларнинг барчаси қон томирлари деворларида ўрнашиб, такрорий инфаркт ёки инсульт юз бериши имкониятини сезиларли оширади.

Ҳар 20 дақиқада ўриндан туриб, офис, квартира ёки табиат қўйнида шунчаки пиёда юриб, бу касалликлардан қочиш мумкин. Бундай ҳолатда хуружнинг такроран юз бериши хатари минимал кўрсаткичларгача пасаяр экан. 

Мавзуга оид