Жаҳон | 10:16 / 26.10.2018
10790
2 дақиқада ўқилади

Йирик шаҳарлар аҳолиси саломатлигига бош хавф маълум бўлди

Фото: REUTERS

Тропиклар ва жамоат саломатлиги Швейцария институти олимлари шаҳардаги шовқиннинг юқорилиги юрак-томир касалликлари хавфини сезиларли ошириши ҳақидаги хулосага келишди. Аниқланишича, йирик шаҳарларда юқори даражадаги шовқин соғлиққа ҳавонинг ифлосланганлигидан кўпроқ таъсир қилар экан.

Олимлар буни аниқлаш учун Швейцарияда 2000 йилдан 2008 йилгача қайд қилинган 19,2 мингта ўлимни таҳлил қилишган. Натижада юрак хуружлари хавфи ҳавонинг ифлосланганлиги даражаси ҳар 10 микрограмм майда заррага ошганда 5,2 фоизга ошар экан. Бироқ шовқин таъсири бўлмаса, ушбу хавф 2-3,4 фоизгача камаяр экан. Шу тариқа, олимлар шовқин инсон организмига ҳавонинг ифлосланганлигидан кўпроқ зарар келтириши ҳақидаги хулосага келишган.

Бундан аввалроқ швециялик олимлар ҳаво ҳароратининг нол даражадан паст бўлиши юрак хуружи хавфини оширувчи омил бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хулосага келишгани маълум қилинганди. Олимлар буни юрак хуружлари совуқ ҳавода 10 фоизга кўпроқ юз бергани билан тушунтиришган. Бунга эса совуқ ҳавода томирлар торайиши, бунинг оқибатида эса юракка камроқ кислород етиб бориши сабаб бўлади. Бундан ташқари, совуқ ҳавода тез-тез грипп бўлиш ва шамоллаш ҳам юрак хуружлари хавфини оширар экан. 

Мавзуга оид