Ўзбекистон | 11:21 / 31.10.2018
18187
2 дақиқада ўқилади

10-11-синф ўқувчиларининг касбга ўргатиш малака талаблари белгиланди

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими марказининг қарори билан умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчиларига ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида бериладиган касблар бўйича малака талаблари тасдиқланди.

Малака талаблари ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида бериладиган касблар бўйича 10-11-синф ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатишнинг зарурий билимлар мазмунига ва амалий кўникмаларига қўйиладиган талаблар, ўқув юкламалари ҳажми ва бажарилишининг назоратини белгилаб беради.

Малака талаблари касбга ўргатиш сифати ва даражасини баҳолашда асосий мезон ҳисобланади.

Малака талаблари ўзининг идоравий бўйсуниши ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари томонидан татбиқ этилиши мажбурийдир.

Касбга ўргатиш таълим дастурининг назарий ва амалий машғулотларини тўлиқ ўзлаштирган, мазкур Малака талабларини тўлиқ бажарган ва якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтган умумий ўрта таълим мактабининг ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари битирувчиларига меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи касб малакаси бўйича давлат намунасидаги диплом берилади.

Касбга ўргатиш дастурининг компонентларига муайян касб бўйича битирувчиларга касбий фанлар ўргатишнинг муддати, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётлари таркиби, ҳажми ва мазмунини белгиловчи ҳужжатлар киради.

Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини 10 ва 11-синфларда касбга ўргатиш дастури 2 ўқув йилига мўлжалланган бўлиб, ҳар ҳафтада 1 кун 6 соатдан, жами 408 соат ҳажмида амалга оширилади.

Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида ўргатиладиган касбларнинг ўқув режаси таркибий қисмларга бўлинади.

Мавзуга оид