Давлат душмани – Жулиан Ассанж ҳақиқатгўй журналистми, террорчими ёки киберқаҳрамон?
Унга ҳамма ҳар хил таъриф беради – кимлар учундир у ҳақиқатгўй журналист, яна кимлар учундир террорчи, яна кимдир уни киберқаҳрамон деб атайди. “Ўта махфий маълумотлар” тарқатувчи WikiLeaks сайти асосчиси Жулиан Ассанж ОАВдаги энг нуфузли шахслардан бири ҳисобланади.
Журналист коррупция ва ҳарбий жиноятлар билан боғлиқ тафсилотларни фош этиш орқали дунёнинг энг қудратли давлатларини хавотирга солган. У АҚШнинг душмани дея эълон қилинган ва халқаро қидирувга берилган.
Кўчиш билан ўтган болалик
Жулиан Пол Ассанж 1971 йил 3 июлда Австралиянинг Таусвилл шаҳрида туғилган. Ота-онаси у дунёга келгунига қадар ажрашиб кетишган. Жулиан туғилганидан сўнг онаси кўчма театр эгаси Ричард Бретт Ассанжга турмушга чиқади.
Бўлажак фош этувчининг болалиги сафарларда ўтади. Ассанжнинг ўгай отаси фаолияти гастроллардан иборат бўлгани учун улар тинмай у ердан бу ерга кўчиб юришади.
Ассанж 9 ёшга тўлганида онаси турмушидан ажрашади ва мусиқачи Гамильтон Лейф билан турмуш қуради. Аммо оиланинг янги бошлиғи болаларни қурбонлик қилувчи секта аъзоси эканлиги маълум бўлгач, она-бола қочиб кетишади. Кейинги 5 йил давомида Ассанжнинг ҳаёти яна кўчманчиликда ўтади.
Жулиан ўсмир ёшида дастурлашга қизиқиб қолади ва хакерлар ташкилотига асос солади. Унинг биринчи қилган иши Канаданинг Nortel Networks телекоммуникация компанияси марказий серверини бузиш бўлади. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади, аммо компанияга арзимас зарар етказилгани учун Жулиан жарима билан қутулиб қолади.
Шундан сўнг Ассанж Австралиядаги интернет-ҳостинглардан бирида администратор бўлиб ишлайди. Шу билан бирга хавфсизлик тизими билан боғлиқ дастурлар ёзади. Жулиан бундан ташқари онаси билан бирга болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича лойиҳа ташкил этади.
Дунёни ларзага солган лойиҳа
Жулиан Ассанжнинг асосий лойиҳаси 2006 йилда асос солинган WikiLeaks сайти бўлди. У бу сайт орқали дунёнинг барча мамлакатларидаги ҳукуматларнинг коррупцион фаолиятига боғлиқ маълумотларни эълон қилишга киришди.
Сайтда илк ҳужжат 2006 йил декабрда чоп этилди. Бу Сомали шайхи Ҳасан Зоҳир Увайс томонидан имзоланган давлат амалдорларини ўлдириш ҳақидаги қарор эди. 2007 йилда Кениянинг собиқ раҳбари Даниэл арап Мои оиласидаги коррупция ҳақидаги мақола эълон қилинди. Ўша йил ноябрида Гуантанамо лагерида ҳибсда сақланаётганлар учун йўриқнома чоп этилди. Унга мувофиқ, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси аъзолари айрим маҳбуслар билан кўришиш ҳуқуқига эга бўлмаган. 2008 йил февралда сайт орқали Швейцариянинг Julius Baer банки ноқонуний фаолияти ошкор қилинди. Ўша йил сентябрида АҚШдаги сайлов кампанияси даврида вице-президентликка номзод Сара Пэйлиннинг электрон почтасидаги ёзишмалар эълон қилинди.
2009 йил ноябрда сайтда 2011 йил 11 сентябрда пейжерларга жўнатилган 570 мингта хат чоп этилди.
WikiLeaks 2010 йил июлда Афғонистондаги уруш билан боғлиқ 92 мингта ҳужжатни эълон қилди. Бу ҳужжатлардан қуйидагилар маълум бўлди: коалиция кучлари Афғонистондаги урушда мағлуб бўлмоқда, ҳарбийлар юзлаб тинч аҳолини ўлдирмоқда ва бу ҳолат жамоатчиликдан сир тутилмоқда.
Куз фаслига келиб эса сайт Ироқдаги урушга оид 400 мингга яқин ҳужжатни эълон қилди. 2010 йил ноябрда АҚШ дипломатларининг 250 мингдан ортиқ мактублари орқали жамоатчилик Саудия Арабистони раҳбарлари АҚШдан Эронга авиазарба беришни сўраганини ҳамда жаҳон етакчиларининг норасмий тавсифларини билиб олди.
2012 йилда WikiLeaks Сурия билан боғлиқ икки миллиондан ортиқ электрон ёзишмаларни чоп этди. 2013 йил сентябрда эса махфий кузатув воситаларини ишлаб чиқиш билан шуғулланаётган 90дан ортиқ компаниянинг 250та ҳужжати сайт юзини кўрди.
Сайт бундан ташқари АҚШнинг Миллий хавфсизлик агентлиги билан боғлиқ қатор махфий ҳужжатларни, Марказий разведка бошқармасининг электрон қурилмаларни бузиб кириш бўйича глобал дастурини оммага эълон қилди.
Таъқиб
2010 йил августда Жулиан Ассанж Швецияда бўлиб, Wikileaks серверларини маҳаллий Қароқчилар партияси майдончаларида жойлаштириш бўйича келишув имзолади. Сўнгра унинг ташрифи ташкилотчилари бўлган икки аёл Анна Ардин ва София Вилен Ассанжни уларга зўрлик ишлатишда айблади.
Швеция ҳукумати Ассанжга нисбатан жиноят иши қўзғатди ва халқаро қидирувга берилди. Жулиан бу иш WikiLeaks сайтида АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотлар чоп этилганидан сўнг уюштирилганини маълум қилди. Лондонда бўлган Ассанж полицияга таслим бўлди, сўнгра суд қарори билан 240 минг фунт гаров пули эвазига озодликка чиқди.
Шунингдек, журналистнинг PostFinance банкидаги ҳисоб рақами музлатилди. WikiLeaksʼнинг PayPal халқаро тўлов тизимидаги ҳисоби ёпиб қўйилди. Visa ва MasterCard ҳам шундай йўл тутди. Ассанж ва унинг тарафдорларини таъқиб қилиш “Фейсбук” ва “Твиттер”да ҳам бошланди, уларнинг аккаунтлари ёпиб қўйилди, фойдаланувчиларнинг хабарлари ўчириб ташланди.
Тўрт девор орасида
2012 йилда Жулиан Ассанж Эквадорнинг Лондондаги элчихонасидан бошпана сўради. Эквадор бежиз танланмаганди, чунки 2010 йилдаёқ бу давлат ТИВ унга сиёсий бошпана таклиф қилганди.
У Лондон марказида жойлашган элчихона биносида хавфсизлик мақсадларида бирорта ҳам деразаси бўлмаган хонада яшайди. 2012 йил сентябрида Ассанж Daily Mail газетасига берган интервьюсида яшаш шароитлари ҳақида сўзлаб берганди. Унинг сўзларига кўра, хонада матрас, китоб жавони, стол, стуллар жойлашган. Ассанж кунига 17 соат ишлайди, жисмоний ҳолатини меъёрида ушлаб туриш учун югуриш йўлакчасида бир неча километр югуради, гимнастика ва бокс билан шуғулланади. Қуёш нуридан баҳраманд бўлмагани учун бу етишмовчиликни D витамини ва ультрабинафша лампаси ёрдамида тўлдиради.
2012 йил 27 сентябрь куни АҚШда Жулиан Ассанж давлат душмани деб тан олинди.
Британия ҳукумати уни кузатиш ва имкон бўлиши билан қўлга олиш учун 8 млн доллар сарфлади.
Ассанж адолат тикланишини сўраб БМТга бир неча бор мурожаат қилган. 2017 йилда Швеция прокуратураси томонидан унга қўзғатилган жиноят иши ёпилди. Аммо Жулиан ҳамон Эквадор элчихонасида яшамоқда, чунки Лондон полицияси уни таъқиб қилишда давом этмоқда.
2018 йил мартда Эквадор элчихонаси Ассанжни интернетдан ва ташриф буюрувчиларни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Элчихонанинг билдиришича, юқоридаги ҳолатлар Ассанжнинг бошқа давлатлар ишларига аралашмаслиги лозимлиги ҳақидаги келишувни бузиш ҳисобланади. Бу қарор қабул қилинишига Ассанжнинг твиттерда “Скрипаллар иши” ҳақидаги пости сабаб бўлди. Ассанж Twitter саҳифасида россиялик дипломатларнинг Скрипаллар заҳарланиши сабабли Буюк Британиядан чиқариб юборилиши ёмон дипломатиядан нишона эканлигини ёзганди.
Куни кеча эса Эквадор Буюк Британия билан Жулиан Ассанжнинг кейинги тақдири борасида музокара ўтказмоқчи эмаслигини маълум қилди.
Мамлакат ташқи ишлар вазири Хосе Валенсия Reuters агентлигига берган интервьюсида Эквадорнинг ягона вазифаси Ассанж Лондондаги элчихонада яшаши давомида ўзини яхши ҳис қилишини таъминлаш эканлигини айтди.
“Эквадор кейинги қадамлар учун жавобгар эмас. Биз жаноб Ассанжнинг адвокати ёки Британия ҳукумати вакиллари эмасмиз. Бу Ассанж ва Буюк Британия ечиши керак бўлган муаммо”, - деди у.
WikiLeaks асосчиси Буюк Британияда уни ҳибсга олиш ҳақидаги ордер сабабли Эквадор элчихонасини тарк эта олмаяпти. Ассанж ҳибсга олинганидан сўнг Лондон уни АҚШга экстрадиция қилишидан хавфсирамоқда.
Бундан ташқари, Эквадор Ассанжга уни Лондондан олиб чиқиб кетишга ёрдам беради деган фикрда унга мамлакат фуқаролигини берганини билдирди. Аммо Буюк Британия Ассанж учун иммунитет беришни рад этди.
Шуниси қизиқки, WikiLeaks асосчиси ўзи яшаб турган Эквадор элчихонасини ҳам судга берди. У элчихона март ойида уни интернетдан маҳрум қилганидан норози. Элчихона эса интернет тикланиши учун ўзи яшаб турган хонани тозалаши ва бошқа давлатлар ишларига аралашмасликни талаб қилган.
Журналист бир неча фильмлар қаҳрамонига ҳам айланган. У ҳақида “Жулиан Ассанж тарихи” номли сериал суратга олинган. “Бешинчи ҳокимият” номли фильмда Бенедикт Камбербэтч Ассанж ролини ижро этган, WikiLeaks сайти ҳақида “Медиастан” номли ҳужжатли фильм ишланган, 2017 йилда Ассанж фаолиятига бағишланган “Хатар” ҳужжатли фильми суратга олинган.
2014 йилда режиссёр Лора Пойтраснинг “Citizenfour. Сноуден ҳақиқати” ҳужжатли фильмида иштирок этган. (Навбатдаги мақоламиз АҚШ Марказийразведка бошқармаси фаолиятини фош қилувчи маълумотларни эълон қилиб шов-шувларга сабаб бўлган Эдвард Сноуден ҳақида бўлади)
Жулиан Ассанж шунингдек, 2008 йилда Халқаро амнистия ташкилотининг мукофотига сазовор бўлган, 2010 йилда Time журнали ўқувчилари томонидан йил кишиси деб топилган, бундан ташқари Сидней тинчлик фонди ва бошқа қатор ташкилотлар мукофотларини қўлга киритган.
Мавзуга оид
21:29 / 01.10.2024
Жулиан Ассанж: «Мен журналистикада ўзимни айбдор деб тан олишга мажбур бўлдим»
00:06 / 26.09.2024
Жулиан Ассанж озод этилганидан бери илк бор омма олдида чиқиш қилади
09:14 / 26.06.2024
Wikeleaks асосчиси Ассанж АҚШ суди томонидан озод қилинди
08:52 / 25.06.2024